Андижонда

ИШОНУВЧАНЛИКНИНГ БАДАЛИ ЁКИ “БИЗНЕСИМГА ШЕРИК БЎЛСАНГИЗ, ФОЙДАНИНГ ЯРМИ СИЗНИКИ”, ДЕЯ ТАНИШЛАРИНИ АЛДАБ КЕТГАН ФИРИБГАР ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ


08.02.2023   302

Андижонлик Шоҳаббос Сайфуддиновнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) биров қарз сўраб келса, раъйини қайтармайдиган, имкон қадар яхшилик қиладиган одати бор. Аммо дуч келган одамга ишонувчанлиги бу сафар панд берди. Иқбол Собиров (исм-шарифлари ўзгартирилди) деган ғоят сўзамол таниши бир ҳамтовоғи билан бирга шундай бошини айлантирдики, Шоҳаббос ўзининг яп-янги “Кобальт”ини гаровга қўйиб, бировдан унга 5 минг доллар қарз олиб берганини сезмай ҳам қолди.

Иқбол аввалига “10 минг доллар топиб бериб туринг, 3-4 соат ичида, жуда кечикса икки кунда қайтараман, Тошкентдан бир танишим келяпти, нақ 50 минг долларлик шартномага эга бўлиш учун шу пул етмай турибди”, дея илтимос қилди. Шоҳаббоснинг пули йўқ эди – очиғини айтди. Аммо Иқбол “машинангизни гаровга қўйиб, бирор кимдан олиб бериб туринг”, дея тихирлик қилавергач, кўнгилчанлиги тутиб кетди. Иқбол иши битгач, шу бўйи қорасини кўрсатмади. Икки кунда қайтарилиши керак бўлган 5 минг доллар қарз эса, мана бир йилдан ошдики, Шоҳаббоснинг бўйнида турибди. Автоулови ҳамон гаровда.

Гапнинг сираси, И.Собировнинг “қармоғига илинган” биргина Шоҳаббос эмасди. Аввалроқ ўз ҳамтовоқлари билан қўқонлик И.Қўлдошевни ҳам нақ 285 миллион сўмга чув туширган, фирибгарнинг “биржада янги фирма очганмиз, ҳужжатлари жойида, фирмамизга инвестиция киритсангиз, фойданинг 50 фоизи сизники” деган алдовларига учган Қўлдошев ҳамда унинг ўғли юқорида келтирилган миқдордаги маблағларни бўлиб-бўлиб Иқболнинг қўлига тутқазишган эди. Тўғри, ўтган вақт ичида қарзнинг бир қисми эгасига қайтарилди, аммо қолган 9 минг долларга тенг пуллар ҳақдор ота-болага бугунга қадар қайтарилгани йўқ.

Пичоқ суякка етгач, ҳар икки жабрланувчи бўлиб ўтган воқеликлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қилмоққа мажбур бўлишди. Алалхусус, судда И.Собиров Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчилар фойдасига юқорида зикр этилган миқдордаги пулларни ундириш белгиланди.

Улуғбек Каримов, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг раиси