Ислом цивилизацияси марказига маънавий саёҳат
09.04.2026 6
Вилоят ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари, болалар ҳаракати сардорлари, олий таълим муассасалари фаол талабалари, шунингдек, профессионал таълим муассасалари ўқувчиларидан иборат делегация пойтахтдаги Ислом цивилизацияси марказига маънавий-маърифий саёҳатда бўлдилар. 150 нафар йигит-қизнинг Андижон темир йўл вокзали орыали замонавий поездда жамоа бўлиб Тошкентга жўнаши катта шодиёна билан бошланди.
Ёшларнинг тарихий меросимизга бўлган қизиқишини ошириш ва маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида уюштирилган саёҳат давомида иштирокчилар марказнинг замонавий архитектураси, юқори технологиялар билан жиҳозланган кўргазма заллари ва мультимедиа имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, интерактив экранлар, 3D форматда тақдим этилган экспозициялар ҳамда рақамли архивлар орқали улар буюк аждодларимизнинг илмий мероси ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдилар.
Марказда намойиш этилаётган экспонатлар орасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид маълумотлар алоҳида ўрин эгаллайди. Бу эса иштирокчиларда миллий ифтихор туйғусини янада кучайтирди. Экскурсоводлар марказ тарихи, унинг ташкил этилиши, аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки юртимиз тарихини чуқур англатадиган ҳақиқий илм ва маънавият ўчоғидир. Бу ерда ёшлар буюк бобокалонларимизнинг дунё тамаддунида қандай из қолдиргани ҳақидаги саволларига тўлақонли жавоб олдилар. Бундай саёҳатлар ёшларни фақат билимли, балки юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Маънавий саёҳат ёшларнинг интеллектуал ва маънавий ривожи учун муҳим қадам бўлди. Бундай ташаббуслар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши режалаштирилди.
Мадинахон САЙФИДДИНОВА,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети филология факультети талабаси,
“Андижоннома” газетаси таҳририяти амалиётчиси.
