Андижонда

ИСТЕЪМОЛЧИ БИЛАН ТАЪМИНОТЧИ МУНОСАБАТЛАРИДА ШАФФОФЛИК ЯРАТИЛДИ


11.07.2022   261

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари, жумладан “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ҳам ўз фаолиятининг барча жабҳаларини ривожлантириш ва шаффофлик тамойили асосида олиб боришга интилмоқда. Хусусан, табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бошлаб юборилди. Бугунги кунда рақамлаштириш табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнларига тўла татбиқ этилди. Энди ҳар бир истеъмолчи ўз мобил телефони орқали қанча газ сарфлаётгани ёки қанча пул тўлаётганини кўриб туриши мумкин, шунингдек, табиий ва суюлтирилган газ учун тўловларни ҳам мобил телефонлари орқали амалга ошириш имконияти мавжуд. Тизимга илғор инновацион технологияларни жалб этган ҳолда халқимизни қийнаётган тушунмовчилик ва муаммоларни бартараф этиш, таъминотчи томонидан кўрсатилаётган сервис хизматлари ва ходимларнинг иш самардорлигини янада ошириш бугунги кун талаби, қолаверса, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг энг асосий мақсади ҳисобланади.


Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишлар вужудга келишининг олдини олиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини огоҳлантиришга эришилмоқда. Эндиги асосий навбат, аҳолига сифатли ва ўз вақтида табиий газни етказиб беришдан иборатдир.

“Асака туманимиз 6 та АГТШлардан табиий газ билан таъминланганлиги учун, шунча йирик ҳудудларни ташкил этдик, - дейди “Асакатумангаз” газ таъминоти бўлими раҳбари Жавлонбек Исмоилов. –Мисол учун, Муқумий участкасида мингдан ортиқ истеъмолчи бор. Ҳар бир хонадонга электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилган. Мана бир ойдирки, таҳлиллар олиб борилмоқда. Бунда газ тақсимлаш қурилмасига ўрнатилган ҳисоблагичлар билан аҳоли истеъмоли ўзаро солиштирилмоқда, тафовутларни аниқлаш бўйича ҳаракатлар қилинмоқда. Қайсидир тармоқда газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланса, дарҳол бартараф этилмоқда ёки бошқа сабаблар аниқланмоқда. Йирик ҳудудларга ажратиш биз учун истеъмолчи билан орамиздаги муносабатларни шаффоф тарзда бўлишига замин яратди..”

Бу борада ҳам асакалик соҳа ходимлари ҳам тармоқларни модернизация қилиш, истеъмолчиларга газ етказиб беришда йирик ҳудудларга ажратиш ва шу орқали табиий газни аниқ ҳисобини чиқариб, таъминотчи ва истеъмолчи орасидаги шаффофликка эришишни мақсад қилиб олганлар. Ана шу мақсад йўлида Асака туманида газ етказиб бериш бўйича 6 та йирик ҳудудларга ажратилиб, хонадонларга газ етказиб берилмоқда. Бунда модернизация қилинган газ тақсимлаш қурилмаларига электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди ва етказиб берилаётган газнинг тафовутини чиқариш мақсадида, қувурлар ҳам таъмирдан чиқарилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати