Истеъмолчи манфаатлари эътиборда
18.11.2025 74
Куз-қиш мавсумининг совуқ кунлари аллақачон юртимизда. Мавсумни беталафот ва барқарор ўтказиш мақсадида тайёргарлик ишлари якунига етган. Чунончи, газ таъминотида хавфсизлик ва тежамкорлик таъминланди. Бугунги кунда андижонлик газ истеъмолчиларининг 776 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 494 минг 586 нафаригасуюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Вилоят бўйича аҳоли истеъмолчиларидаги жами маиший баллонлар сони 652 минг 610 тани ташкил қилиб (баллон билан таъминланганлик даражаси 132 фоиз), шундан 494 минг 571 донаси таъминотчи корхона томонидан тақдим этилган. 153 минг 983 таси аҳолининг шахсий баллонлари ҳисобланса, 4056 дона маиший газ баллонлари “айланма” усулда иистеъмолчиларга хизмат кўрсатмоқда.“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан бери аҳолига 94 та махсус автотранспорт воситаларида74 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилди.
Тизимда бажарилган ишлар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг вилоятимиздаги ижроси юзасидан “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда, шунингдек, янги ташаббуслар хусусида ҳам сўз борди.
Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш мумкин эмас. Асака туманидаги “Ахтачи” МФЙ ўрамида маиший газ баллонлар оғир қолдиғини тўкиб олиш ва синовдан ўтказишга мўлжалланган марказ фаолияти айни муаммога ечим бўлди.“ЭКО АРEА ГАС” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур марказ кун давомида 300-400 дона баллонга техник хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, оғир қолдиқлар тўкиб, маиший газ баллонлари тўла бўшатилгач, кейин ёқилғи билан тўлдириш учун газ тўлдириш шохобчасига юборилмоқда.
Яна бир хайрли тадбир. Филиалимиз томонидан вилоятимизда ҳар бир чилангар махсус планшетлардан фойдаланган ҳолда истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериши тажрибаси амалиётга татбиқ этилган эди. Планшетларда “Э-газ” дастури интеграсия қилиниб, истеъмолчининг қачон суюлтирилган газ олганлиги ҳақидаги маълумотлар смс хабарнома орқали истеъмолчига ва Жамиятнинг махсус базасига маълумот узатиб боради.Шунингдек, чилангарлар томонидан газ етказиб беришда маиший газ баллонлардан фойдаланиш қоидалари бўйича тавсия ва тушунчалар берилмоқда.
Суюлтирилган газ етказиб берувчи махсус автотранспорт воситалари назорат тарозилари билан биргаликда махсус камералар билан таъминланди. Энди чилангар фаолияти ва аҳолига газ тарқатиш жараёнларини бевосита онлайн тарзда реал вақт режимида кузатиш имкониятлари яратилди. Бу эса тизимда коррупцияни олдини олиш ва шаффофликни юзага келтиришга ҳисса қўшади.
Мавсумни беталофат ўтказиш учун олиб борилган амалий ишлар натижасида минглаб оилаларнинг табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланиши янада барқарорлашди. Олис ва бориши қийин ҳудудлар ҳам етарли захира газ билан таъминланиши учун махсус транспорт воситалари тайёр. Истеъмолчи манфаатлари эътиборда.
Акмалжон ХОЛИҚОВ,
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти
филиали матбуот хизмати
