ИСТИҚЛОЛ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШДИР
25.08.2026 22
Мустақиллик – халқ ва миллат ҳаётидаги энг буюк неъматлардан бири. Мустақиллик фақат давлатнинг сиёсий жиҳатдан эркинлиги эмас. У халқнинг ўзлигини англаши, тарихини билиши, миллий ва маънавий қадриятларини асраб-авайлаши, ўз келажагини ўзи белгилаши учун берилган улкан имкониятдир.
35 йил. Бугун биз истиқлолнинг дастлабки йилларига қараб, мамлакатимиз босиб ўтган мураккаб ва шарафли йўлни, эришилган натижаларни, халқимиз ҳаётида юз берган улкан ўзгаришларни кўриб турибмиз.
Айниқса, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олди. Иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла, ёшлар сиёсати, маънавият ва маърифат, диний соҳа – буларнинг барчасида янгича ёндашув ва амалий натижаларни кўрмоқдамиз.
Мен диний таълим тизимида фаолият юритаётган инсон сифатида, айниқса, диний-маърифий соҳада сўнгги йилларда юз бераётган ўзгаришларни истиқлол берган имкониятларнинг амалий ифодаси деб биламан. Ўзбек халқи қадимдан илм-маърифатга интилган халқ. Юртимиз заминидан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб буюк аждодларимизнинг номлари жаҳон илм-фани ва маънавияти тарихида ўчмас из қолдирган. Шу нуқтаи назардан қараганда, мустақиллик бизга нафақат сиёсий эркинлик, балки ўзимизнинг асл тарихимизни, миллий ўзлигимизни ва маънавий илдизларимизни қайта кашф этиш имкониятини ҳам берди.
Ислоҳотларнинг муҳим жиҳати ҳам шундаки, аждодларимиз меросига шунчаки фахрланиш билан чекланиб қолмаяпмиз. Уни илмий асосда ўрганиш, ёш авлодга етказиш, замонавий таълим жараёнига олиб кириш, илмий тадқиқотлар учун зарур шароитларни яратишга интилмоқдамиз. Бу жараён, айниқса, диний-маърифий соҳада яққол намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Айни вақтда республикамизда икки мингдан зиёд масжид, 14 та ислом таълим муассасаси, жумладан, 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда 5 та илмий-тадқиқот маркази фаолият юритмоқда. 2026йилнинг дастлабки олти ойида 12 та янги масжид давлат рўйхатидан ўтказилган, 41 та масжидда реконструкция, 10 та масжидда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бу рақамлар, албатта, эътиборга молик. Аммо масаланинг моҳияти фақат масжидлар ёки таълим муассасалари сонида эмас. Муҳими, уларнинг фаолияти мазмуни, таълим сифати ва инсон тарбиясига бераётган самарасидир.
Бугун бизга фақат диний маълумотга эга бўлган эмас, балки чуқур билимли, мустақил фикрлайдиган, замонавий ахборот маконида тўғри йўл топа оладиган, Ватан ва халқ олдидаги масъулиятини англайдиган кадрлар керак. Шу сабабли диний таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор мен каби таълим соҳаси вакилларини, аввало, катта масъулиятга чорлайди. 2026йилнинг январь–июнь ойларида Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти орқали 3 575 нафар тингловчининг малакаси оширилгани ҳам соҳа ходимларининг билим ва малакасини мунтазам ривожлантиришга эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Шунингдек, 2026йилнинг биринчи ярим йиллигида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида республика миқёсида 223 мингдан ортиқ маърифий ва профилактик тадбирлар ташкил этилгани қайд этилган. Бу бизга жуда муҳим ҳақиқатни кўрсатади: бугунги диний сиёсатнинг марказида инсон, унинг маънавияти, билим ва тарбияси турибди. Мен таълим муассасаси раҳбари сифатида диний таълим тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири сифатида олий диний таълимнинг кейинги босқичлари ривожланаётганини алоҳида таъкидлаган бўлардим.
Хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура босқичининг ташкил этилиши диний таълим тарихимизда янги саҳифа очди. Бу оддий ташкилий ўзгариш эмас. Бу – диний таълимни ўрта махсус босқичдан олий таълим, магистратура ва илмий-тадқиқот босқичларига изчил олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам. Энг қувонарлиси, бу ташаббуснинг дастлабки натижасини бугун кўриб турибмиз. 2026 йил июль
ойида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг тарихида илк магистрларга дипломлар топширилди.
Расмий маълумотларга кўра, дастлабки магистрантлар ўқиш давомида 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттирган, илмий марказларда амалиёт ўтаган, ноёб қўлёзмалар билан ишлаш имкониятига эга бўлган. Бу натижани диний таълимда илмий мактаб шаклланишининг дастлабки кўринишларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Чунки диний таълимнинг келажаги фақат билим беришда эмас. Биз илмий изланадиган, манбаларни таҳлил қиладиган, аждодлар меросини чуқур ўрганадиган ва замонавий илмий мезонлар асосида тадқиқот олиб борадиган мутахассисларни тайёрлашимиз керак.
Мен раҳбарлик қилаётган “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолиятига ҳам ана шу катта жараённинг бир бўлаги сифатида қарайман. Бизнинг олдимизда турган асосий вазифа – уларни илмга интиладиган, Ватанини севадиган, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қиладиган, мустақил фикрлайдиган ва жамиятга фойдали инсонлар этиб тарбиялашдир. Шу мақсадда таълим жараёнини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга, талабалар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ҳозирги кунда муассасамиз янги ўқув дастурлари, замонавий ўқув хоналари, электрон ресурслар ва бой кутубхона ресурсларига эга.
Имкониятлардан самарали фойдаланиш эса, табиийки, биз – устоз ва раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклайди. 2026 йил 9 апрель куни муассасамизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирокида битирувчи талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда 42 нафар битирувчининг келгусидаги фаолияти, мақсадлари ва ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб шаклланиши масалалари муҳокама қилинди. Аввало, талабалар учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишилди. Мазкур учрашув оддий тадбир сифатида эмас, балки ёшлар билан ишлашнинг муҳим шакли сифатида намоён бўлди. Чунки биз ёшларни тинглашимиз, уларнинг орзу-мақсадларини билишимиз ва уларга тўғри йўл кўрсатишимиз керак.
Бугунги талаба – эртанги имом-хатиб, устоз, тадқиқотчи, маърифат тарғиботчиси. Шунинг учун унинг бугунги таълими эртанги жамиятимиз маънавий муҳитига бевосита таъсир қилади. Ислом таълимотида инсоннинг тинчлик, адолат, яхшилик ва жамият манфаатига хизмат қилиши муҳим ахлоқий тамойиллардан ҳисобланади. Қуръони каримда ҳам адолат, яхшилик, қариндош-уруғларга ғамхўрлик ва жамиятда эзгуликни қарор топтиришга даъват этилади. Ўз юртини севиш, унинг тинчлиги ва фаровонлигини исташ, жамиятга фойда келтириш эзгулик, адолат ва масъулият тушунчалари асосини англатади. Мен талабаларимизга ҳамиша шуни уқтиришга ҳаракат қиламан: Ватанга муҳаббат фақат сўз билан эмас, амал билан намоён бўлади. Агар биз Ватанимизни севсак – яхши ўқишимиз керак, ҳалол меҳнат қилишимиз керак. Юрт тинчлигининг қадрига етишимиз керак. Агар Ватанимизни севсак – жамиятимизга фойдали инсон бўлишимиз керак. Шундай экан, ватанпарварликни кундалик ҳаётимиздаги яхши амалларимизда кўрсатишимиз зарур. Чунки истиқлолнинг энг катта маъноси ҳам шунда.
Истиқлолўзликни англашдир. Ўзликни англаш тарих ва меросни билишдир. Мероси англанган халқ – илмга интилади. Илмли ва маърифатли авлод эса Ватан истиқболининг энг мустаҳкам пойдеворидир. Бугун бизга берилган имкониятларни қадрлаб, уларни эзгу мақсадларга йўналтирсак, Президентимиз таъкидлаётган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган улуғ ғоя ҳаётимизда янада чуқур мазмун касб этади. Зеро, Ватан келажаги ҳақида гапиришдан кўра, унинг келажаги учун муносиб авлодни тарбиялаш муҳимроқдир. Бизнинг бугунги меҳнатимиз эртанги авлоднинг келажагидир.
Рустамжон МАҲМУДОВ,
Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори.
