Адолат қўрғонининг мустаҳкам устунлари
21.08.2026 14
Ҳар қандай бинонинг мустаҳкамлиги унинг пойдевори ва иморатни ушлаб турган таянч устунларнинг нечоғли маҳкам, чидамли ва барқарорлигига боғлиқ. Шу маънода яқинда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегиясида назардаги тутилган ислоҳотларнинг олтита устун асосида амалга оширилиши белгиланганлиги замирида рамзий ифодаларни ҳам кўришимиз мумкин.
Яъни “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов”, “халқаро эътироф” каби йўналишлар асосида белгиланган вазифаларнинг тўла-тўкис рўёбга чиқарилиши пировардида Янги Ўзбекистон суд ҳокимиятининг янгиланган қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади. Мазкур стратегия, таъбир жоиз бўлса, кейинги йилларда суд идораларини чин маънодаги мустаҳкам нажот қалъасига, адолат қўрғонига айлантириш йўлида олиб борилаётган улкан саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.
Шу йил 14 август куни қабул қилинган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, Фармонга кўра, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилади.
Яъни ҳудудлараро судларга вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни тафтиш тартибида, мазкур судлар томонидан биринчи инстанция босқичида кўрилган ишларни эсаапелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатини бериш назарда тутилмоқда. Бундай янгилик, айтиш мумкинки, суд қарорига ҳуқуқий баҳо берувчи юқори суд инстанцияларининг бир том остида фаолият кўрсатмаслигига, натижада суд мустақиллигини янада мустаҳкамлашга туртки беради.
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 июлдан тергов судьясига тегишли процессуал мажбурлов чораларини қўллаш (санкция бериш) тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини, шубҳа туғилган тақдирда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш йўли билан текшириш ваколатлари берилиши белгиланган.
Яна бир янгилик, 2027 йил 1 августдан Олий суд Раёсати қарорларини белгиланган тартибда очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиёти, яъни “прецедентлар” реестри жорий этилади. Ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилувчи бумасала ҳуқуқ амалиёти билан шуғулланувчи барча юристлар учун манфаатли бўлади, деб баралла айтиш мумкин.
Шу билан бирга, 2027 йил якунига қадар Олий суднинг интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) нинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади ва унда “Судга мурожаат намуналари” интерактив хизматини такомиллаштирилади. Айтиш мумкинки, мазкур қулайлик рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда судга мурожаат этувчи ҳар бир фуқаро ва юридик шахс учун катта қулайликлар яратади. Жайдари тилда айтганда, интерактив хизматлар орқали судга мурожаат этувчининг жойлашган ҳудуди, суд идораси билан масофаси аҳамиятсиз бўлиб қолади. Бу эса мурожаатчиларнинг нафақат вақтини тежайди, турли оворагарчиликларнинг ҳам олдини олади.
Мазкур фармон билан тасдиқланган “Одил судлов – 2030” стратегияси “Судлар — халқчил ва адолатли одил судлов қўрғони ва Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқат устуни” шиори остида ишлаб чиқилган.
Унга кўра, “халқчил суд” – судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантиришга хизмат қилса, “адолат қўрғони” тамойили инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлашни назарда тутади.
Шунингдек, “кафолатланган адолат” – қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш, “адолат посбонлари” тамойили эса халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантиришга хизмат қилади.
Юқорида қайд этганимиздек, бугун ҳеч бир соҳаани ахборот технологиялари қулайликларисиз тасаввур қилолмаймиз. Шу маънода стратагиянинг “рақамли одил судлов” устуни суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратишга хизмат қилса, “халқаро эътироф” босқичи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, Президент фармони ўзбекистонликлар орзу қилган, идеал тасаввурлардаги суд тизимини яратишга қаратилган навбатдаги катта ислоҳотлар тўлқинини бошлаб берганлигини қайд этмоқ жоиз.
Улуғбек Бузурходжаев,
