Атрофга назар

ИЙДИ ҚУРБОН: ДУНЁДА ФОЙДА, ОХИРАТДА АЖР АМАЛ


04.07.2022   227

Аллоҳ таолонинг розилигини топишга сабаб бўладиган амаллар қаторида қурбонлик ҳам зикр қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «...Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз...» (Оли Имрон, 92). Биздан илгари ўтган умматларга ҳам қурбонлик қилиш буюрилган. Қуръони каримда бундай дейилади: «Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз...» (Ҳаж, 34). Ушбу оят қурбонликнинг вожиб амал эканига далилдир: «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2).

Мусулмон, озод ва муқим ҳамда нисоб миқдордаги молга эга бўлган кишига қурбонлик қилиш вожиб. Аммо Имом Муҳаммадга кўра, киши ақлли ва балоғатга етган бўлиши шарт. Фатво мана шу қавлга кўра берилган (“Фатавои Ҳиндия”). Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар турига қўй, эчки, мол ва туя киради. Қўй ва эчкиларнинг бир ёши қурбонлик қилинади. Агар олти ойлик қўзи онаси билан гавдаси тенг ва семиз бўлса, уни ҳам сўйиш жоиз. Аммо бу ҳукм улоқча (эчки боласи) учун тегишли эмас (Сарахсий, “Ал-Мабсут”). Молнинг икки яшари, туянинг эса беш яшарини қурбонлик қилиш мумкин. Шунингдек, қўй ва эчки фақат бир киши номидан қурбонлик қилинади. Мол билан туяга эса етти нафаргача шахс шерик бўлиши мумкин. Аммо бундай шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Зеро, бунда шерикларнинг ҳаммаси мусулмон бўлиши ва қурбонликни ният қилган бўлиши керак. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун шерикликка қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак (Алоуддин Косоний, “Бадоеус Саное”).Қурбонлик қилиш вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Ўнинчи куни сўйишнинг фазилати кўпроқдир. Шу кунлар орасида кечаю кундуз қурбонлик сўйиш мумкин. Аммо кечаси сўйиш макруҳ. Ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан қурбонликнинг вақти ўтган

ҳисобланади ва бундай ҳолда қурбонликка аталган, аммо бирор сабаб билан сўйилмай қолган ҳайвон тириклигича садақа қилиб юборилади (“Фатавои Ҳиндия”). Аллоҳ таоло мусулмонларга Қурбон ҳайити намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишни буюрган. Жонлиқни сўйиш вақтида холис ният билан Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда туриш лозим. Акс ҳолда, риё ёки бошқа иллатлар инсоннинг ниятига аралашса, қурбонлик савобини кетказиб қўяди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У Зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж, 37).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Одам боласининг қурбонлик кунида қилган амалларидан Аллоҳга энг севимли бўлгани жонлиқ (қўй, мол, туя) сўйиб, қон чиқарганидир. Албатта, қиёмат куни бўлганида сўйилган жонлиқнинг шохлари, жунлари, туёқлари қурбонлик қилган кишининг олдига савобга алмаштирилиб келтирилади. Қурбонликнинг қони ерга томиб улгурмасдан олдин, у Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлади. Шундай экан, қурбонликни чин кўнгилдан адо этинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Солим ибн Абу Жаъд ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотимага (розияллоҳу анҳо): “Қурбонлик қилаётган нарсанг олдида унга қараб тур. Албатта, Аллоҳ таоло гуноҳларингни биринчи қони томиши билан кечиради”, дедилар. Шунда Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу): “Бу сизга ва аҳлингизга хосми ё ҳамма мусулмонларгами?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Барча мусулмонларга”, деб жавоб бердилар» (Имом Аҳмад ва Байҳақий). Жонлиқни қурбонлик қилувчи кишининг ўзи сўйгани яхши. Агар бошқа одам унинг номидан сўйса, унинг ўзи тепасида туриши мустаҳабдир. Қурбонлик гўштидан ўзи, оиласи, қариндош-уруғларига бериш билан бирга, муҳтож кишиларга ҳам учдан бир қисмини эҳсон қилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

М.ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл туман бош имом-хатиби.