Андижонда

ИЗБОСКАНДА ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВИ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТМОҚДА


09.07.2023   158

Нозимжон Мухторов Избоскан тумани, Зарбдор маҳалла фуқаролар йиғини, Навкарчи кўчаси 182-уйда истиқомат қилади. 1-гуруҳ ногирони бўлгани боис ҳаракатлари чекланган. Шунинг учун ҳам участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан фуқаронинг овоз бериши унинг хонадонида ташкил этилди.

-Ишончим комил бўлгани учун муносиб номзодга овоз бердим, - дейди Н.Мухторов. - Сайловолди дастурлари телевизор орқали эшитдим, ҳатто ўғлимга ҳар битта номзоднинг сайловолди дастурларини олиб келтириб ўқиттирдим. Ахир мен давлатимизнинг эртанги раҳбари танловига овоз беришда адашмаслигим керакку! Худо хоҳласа, Ўзбекистон бундан-да гуллаб яшнайди. Энг муҳими, тинчлигимиз. Сайловда овоз бериш ҳар бир инсоннинг бурчи, деб ҳисоблайман. Ҳатто мендек саломатлигида нуқсони бор фуқароларга ҳам мана шундай имконият яратилаётганидан хурсандман.

Бундай кўчма қутилар орқали овоз бериш участканинг яна 10 та хонадонида амалга оширилди.

Туманнинг 42-умумтаълим мактаби биносида жойлашган мазкур 530-участка раиси Равшанбек Ноибжоновнинг таъкидлашича, жами 1773 нафар сайловчининг 18 нафари жараёнда биринчи марта иштирок этмоқда. 40 нафар сайловчи ўзлари танлаган номзод учун муддатидан илгари овоз берган.

Жараённинг уюшқоқлик билан ўтаётгани соат 8:00 дан соат 9:00 гача участкадаги 545 нафар сайловчининг овоз бериб бўлганида ҳам яққол акс этди.