Андижонда

Ижод мактабида иқтидор синови


29.07.2025   74

Янгича ёндашув, қатъий талаблар ва адолатли баҳолаш

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабиДА 2025–2026 ўқув йили учун 7-синфларга қабул жараёнлари ўтган йиллардан фарқли равишда янада кенг қамровли, қизғин ва кучли рақобат билан ўтди.

Қувонч билан таъкидлашга арзийдиган жиҳат - қизиқиш ошиб бормоқда: жорий йилда 530 нафар талабгор, 60 та квота. Бу эса мактаб нуфузи ва ижодга, адабиётга бўлган қизиқишнинг йил сайин ортиб бораётганидан далолат беради. Қабулда иштирок этган ўқувчилар нафақат вилоятимиздан, балки мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган, ижодга муҳаббати бор, етук фикрлайдиган ва ўз истеъдодини намоён этишга интилаётган ёшлар бўлди.

Уч босқичли адолатли синовларда билим ва салоҳият чуқур таҳлил қилинди. Биринчи босқичда номзодлар ихтисосликка мос равишда ижодий иншо иши орқали билим ва ёзиш салоҳияти бўйича баҳоланди. Бу босқичда, айниқса, адабиёт, нутқ маданияти, мантиқий фикрлаш ва ғоя ифодасига алоҳида эътибор қаратилди.

Иккинчи босқичдаги суҳбат ва амалий топшириқларда талабгорларнинг ижодкорлик қобилияти, нутқий фаоллиги, мустақил фикр билдириш маҳорати ҳамда жамоада ишлаш салоҳияти баҳоланди. Шунингдек, шахсий дафтарлари, ёзган шеър ва ҳикоялари, чизиқағозлари (портфолио) ҳам инобатга олинди.

Сўнгги босқич эса ўқувчиларнинг она тили ва адабиёти, инглиз тили ҳамда қобилиятини тест синовларидан ўтказди.

Жараёнда муҳим янгилик қанот ёзди — “Ижод ёшлари” танлови ғолиблари тўғридан-тўғри қабул имтиёзларига эга бўлдилар.

Имтиҳон жараёнлари тўлиқ видео кузатув остида, холис ва очиқ муҳитда ўтказилди. Ота-оналарнинг белгиланган жадвал асосида синов жараёнларини кузатиш имконияти яратилди. Қабул комиссияси таркибига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, малакали ўқитувчилар, таниқли адабиётшунослар ва психологлар жалб қилинди. Бу эса имтиҳонларнинг шаффофлиги ва холис баҳоланишини таъминлади.

  • Фарзандим мутахассислар олдида ўзидаги билимни, фикрлашини, ижодий қобилиятини кўрсата олганидан хурсандман, - дейди Андижон туманида яшовчи Наргиза Рашидова. - Ота-она сифатида биз учун энг муҳими ўғлимнинг орзуси, ишончи ва ҳаракати эди. Мактаб жамоаси томонидан синовлар вақтида ҳар бир жараёнга масъулият билан ёндашилди, шаффофлик таъминланди. Фарзандим бу имконият орқали ўзини кўрсатди, эртанги кун учун катта илҳом олди. Қабул қилинадими-йўқми, бу унинг тафаккурига, мақсад сари интилишига катта таъсир қилди. Аммо ижод мактаби синови ўғлим учун имтиҳон эмас, балки орзулар эшиги бўлганини тан оламан.

- Бу йилги қабул синовлари мактаб жамоаси учун ҳам, талабгорлар учун ҳам ўзига хос тажриба ва синов бўлди, - дейди ижод мактаби директори Шоҳистахон Нурматова. -530 нафарга яқин бола бизга ишонч билдирди, ўз иқтидори, билим ва қобилиятини намоён этди. Бу рақамнинг ўзиёқ ижод мактабига бўлган талаб ва ишонч йил сайин ортиб бораётганини кўрсатади. Имтиҳонлар жараёнида биз фақат тест натижаларига эмас, балки боланинг салоҳияти, нутқи, фикрлаш тарзи, қизиқишлари ва орзу-мақсадларига ҳам эътибор қаратдик. Чунки ижод — бу рақамлар эмас, қалб ҳолати, тафаккур, ҳис ва илҳомнинг уйғунлигидир. Мактаб жамоаси сифатида биз уларга фақат билим эмас, балки тарбия, маҳорат ва ишончли ҳаёт дастурини ҳам берамиз. Буюк ижодкор Муҳаммад Юсуф номини кўтариб юрадиган ҳар бир фарзанд — биз учун шараф ва масъулият.

Бу йилги қабул жараёни орқали яна 60 нафар истеъдодли бола ўз ижод йўлини бошлади. Уларнинг келгусидаги муваффақияти, ватанпарварлиги ва ижодий юксалиши мактаб жамоаси, устозлари ва уларга ишонган ота-оналарнинг фидоий меҳнат мевасидир.

Сардор СИРОЖИДДИН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби мураббийи.