Атрофга назар

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатини кўзлаб...


27.10.2023   75

“Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (539-сон, 14.10.2023 й.) қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 15 октябридан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида бир йилда камида бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, ижтимоий ходимларга фуқаролардан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича аризаларни қабул қилиш ваколати берилмоқда.

Келаси йилнинг 1 январидан II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари ижтимоий ходимлар томонидан бир йилда бир маротаба ўрганилади. Ўрганиш маълумотлари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юритиб борилади.

2024/2025 ўқув йилидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказиладиган “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлган ижтимоий ходимлар давлат олий таълим муассасаларига “Ижтимоий иш” мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

2024 йил 1июлдан моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида “Ижтимоий ҳимоя” АТда ҳисоби юритилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очилган давлат жамғармалари ва бошқа жамғармалар интеграсия қилинади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шу йил 1 ноябрдан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар эксперимент тариқасида йўлга қўйиладиган туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий қилиниши муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, 2023 йил 15 ноябргача ўзининг тизимига кирадиган ташкилотларга тегишли бино ва иншоотларга ижтимоий ҳимоя йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини, заруратга кўра, текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чоралари кўрилади.

Амалдаги йилимизнинг 1 декабригача тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш натижасига кўра ногиронлиги бўлган шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги маълумотлар интеграсияси таъминланиши белгилаб қўйилди.

2024 йил 1январгача ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга мўлжалланган “Ишонч телефони”нинг ишга туширилиши бу борадаги ишларнинг самарадорлиги ва сифатини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шерзодбек АЛИЕВ,

Пахтаобод туман адлия бўлими

юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.