Андижонда

Изланганга имкон кенг: ИШКОМ ТЎЛА УЗУМЛАР


15.08.2022   620

Мамлакатимизда узумчиликни ривожлантириш, узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этилиши эса соҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Узумчилик халқимизнинг асрлар давомида миллий деҳқончилик маданияти ва даромад саналади. Вилоятимизнинг ҳар бир туманида ҳосилли майдонлар бўлиб, деярли ҳар бир оила узум етиштиради. Боғдорчиликда Андижон вилояти республикамизда олдинда туриши ҳеч кимга сир эмас. юртимизда ушбу соҳа билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Бу борада андижонлик фермерлар соҳада ўз тажрибасига эга.

- Узумчилик менга ота касб ҳисобланади, - дейди “АДАҲАМЖОН ЙЎЛЧИЕВ БОҒИ ШИРИН” фермер хўжалиги раҳбари Адаҳамжон Йўлчиев. - Бобом ҳам узум етиштирган. Мен ҳам Андижон туманининг ЧЕМ МФЙ ҳудудида 2009 йилда 1 гектар ер майдони билан фермер хўжалиги ташкил қилдим. Ҳозирги кунда 10 гектар боғда 10 хил навдаги узумларни етиштиряпмиз. “Оқ узум”, “киш-миш”, “кетмон сопи”, “мерс”, “ф1” навлари эса энг саралари ҳисобланади. Маҳсулотни кўпроқ Россия, Белорус, қўшни республикаларига экспорт қиляпмиз, қолаверса ички бозорга олиб чиқяпмиз. Байрам ярмаркаларида арзонлаштирилган нархларда аҳолига етказиб беряпмиз. Хўжаликда 50-60 нафар одамни мавсумий иш билан таъминлаймиз, 10 дан зиёд доимий иш ўрни бор. Мавсумий ишчилар ҳосил етилганда кўпроқ асқотади. Қувонарлиси давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳага қаратаётган эътиборлари сабаби битта узумдан янги нав ҳосил қилсангиз ҳам унга субсидия ажратиляпти, томчилаб суғормоқчи бўлсангиз, битта қудуқ кавласангиз унга ҳам маблағ ажратиляпти, боғ яратаман десангиз ер ажратиляпти. Кундан-кунга кўплаб имкониятлар яратиляпти, энди фақатгина тинмасдан ҳаракат қилиш қолди. Кейинги режаларимиз эса бозорнинг энг олди узум навларини яратиш.

Токзорлар барпо қилиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мавсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилиши, узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар маблағ ажратилиши узумчиликни ривожлантириш билан бирга аҳоли даромадини ошириш билан биргаликда бандлигини таъминлашга замин яратмоқда.

Нуржаҳон Йўлдошева.