Атрофга назар

ИЗЛАНИШЛАРИМ САМАРАСИНИ КЎРЯПМАН


30.12.2024   102

Ёшим 28 да. Андижон - жон томиримга боғланган ота юртим. 2019 йилдан буён хориждаман. Дастлаб ўқиш, кейин иш фаолиятим бевосита чет эл давлатлари билан боғланди. 2014-2019 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультетида таҳсил олганман. Ўзбекистондаги ўқишдан сўнг Лондондаги York Saint John университетининг Бизнес бошқаруви факультетининг магистратура босқичини тамомладим. Иккинчи магистрлик таҳсилни эса Амсерика Қўшма Штатларининг Калифорния штатидаги Давис университетида ўқидим.

Шундан сўнг иш фаолиятимнинг асосий босқичларига ўтдим. Тўғри, хорижда ўқиш ва амалиётни бир уйғунликда олиб кетиш вазият тақозоси. Уйдан, оиладан, яқинлардан олисдаги ҳаётнинг ўзига яраша қийинчилиги бор, албатта.

Лондондаги Holiday Inn меҳмонхонасида менежер сифатида фаолиятимни бошлаган бўлсам, айни вақтда Калифорнияда Бизнес консультант бўлиб ишлаяпман.

Изланишларимни халқаро конференцияларда иштирок этиш билан мустаҳкамлаб боряпман. Тезисларимда асосан бугунги кунда бизнес ва тадбиркорлик фаолияти ривожи, ишбилармонликни халқаро миқёсда қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳити ва зарур инфратузилмалар яратишда янги ислоҳотларни илгари суриш бўйича ташаббусларни амалиётга боғлаганман. Хориж тажрибаси билан юртимиз тадбиркорлиги тараққиётини жадаллаштириш мақсадим. Очиғини айтиш керак, чет давлатлардаги таҳсилнинг устун жиҳатлари кўп. Бу ерда сарҳисоб қилиш, таққослаш орқали мамлакатимизга хорижий амалиётни татбиқ этиш имкони етарли.

Хорижга кетишдан олдин Ўзбекистонда оддий талаба, қишлоқнинг оддий чапани боласи эдим. Албатта, қўшимча даромади йўқ, ота-онаси учун эрка фарзанд бўлганман. Тўғри, бу ҳолатни чет элдаги барча қулайликларга эга уйга, пиёда юришни шахсий машинада юришга алмаштириш жуда қийин бўлган, буни ҳар доим айтаман. Мен барча эркаликларни, туғилган азиз масканимни ташлаб, таваккал қилиб хорижга кетдим. Ва дастлабки йилларда, тан олишим жоиз, ўқиш билан бир қаторда нисбатан оғир ишларда (“қора меҳнат” дейишни ёмон кўраман) тирикчилик қилишимга тўғри келган.

Ўша вақтдагидан кўра ҳозир кўпчилик менга ҳавас қилаётганини очиқ айтади. “У уддалади, кета олди, мана ишлаяпти, мана натижаларга эришяпти, мен-чи?” деган фикрларни кўп эшитаман.

Яратганнинг ери кенг... Ризқим Калифорнияда экан, мана, секин-секин бирим икки бўляпти, билим ва кўникмаларимни мустаҳкамлаяпман. Хорижда кўп вақт яшаётган инсон сифатида биламан, хорижда яшаш осон эмас, лекин вақт ўтган сари одам ўзи яшаётган жойига меҳр қўяди, ўрганади, кўникади.

Айтмоқчиманки, ҳар бир инсон яхши яшашга ҳақли. Шунинг учун иссиқ ўрнини қолдириб, фаровонроқ ҳаёт қуриш, юртга манфаат келтириш, илм олиш учун ватандан ташқарига йўл олганларни фақат олқишлайман.

Ҳаётбек ЭРГАШХОНОВ