ОГОҲЛИК: ЁНҒИН – ТАСОДИФ ЭМАС!
30.12.2024 108
Қишнинг аёзли кунлари аллақачон бошланган. Мавсум кириб келиши билан табиий ва техноген тусдаги офатларни хавфсизлигини таъминлаш янада долзарб масалага айланади. Айни ушбу масалаларга кенг жамоатчиликни эътиборини қаратиш ва фавқулодда вазиятларни олдини олиш мақсадида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан тизимли амалий тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи асосида 2024 йилнинг 11 ойи давомида қатор ишлар амалга оширилди. Ҳисобга олинган 33 минг 882 та объектларда текширувлар ўтказилди. Айтиш жоиз, уларнинг 4 минг 648 таси давлат тасарруфидаги, 29 минг 234 таси тадбиркорлик субъектларига қарашлидир.
Албатта, қонуний ҳолатлар бузилган тақдирда, тегишли тартибда жазо турлари қўлланилиб келинмоқда. Жумладан, ўтказилган тўлиқ ва назорат тартибидаги текширувларида ҳамда ёнғин билан боғлиқ ҳодисалар бўйича 1 минг 627 нафар мансабдор шахсларга, 2 минг 424 нафар фуқароларга, жами 4 минг 51 та ҳолатда 1 млрд. 400 млн. сўмдан зиёд маъмурий жарималар қўлланилди.
Текширувларда бинолар, иншоотлар, алоҳида ишлаб чиқаришлар ва хоналардан фойдаланишни, айрим ёнғин хавфига қарши ишларни олиб боришни қисман ёки бутунлай тўхтатиб қўйиш ҳамда ёнғин келтириб чиқариш хавфи остида бўлган асбоб-ускуналар ва бошқа агрегатлардан фойдаланишни таъқиқилашга эришилмоқда. Бу билан ўз навбатида кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олиняпти.
Айни кунга қадар ёнғинлар вазиятидан келиб чиқиб, Ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркиби томонидан 835 минг 434 маротаба шахсий фуқаролар уйларида, 104 минг 961 маротаба кўп квартирали уйларда ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари тарғиб қилинди. Шунингдек, давлат ёнғин назорати инспекторлари томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Давлат ёнғин назоратини амалга ошириш жараёнида аниқланган камчиликларни баратарф этишда тезкорликка амал қилганимиз ютуғимиздир.
Мурожаатлар билан ишлашда зиммамизга катта масъулиятни олганмиз. Чунончи, бугунгача биноларнинг ёнғинга қарши ҳолати тўғрисида ва бошқа шу каби турдаги келиб тушган 1 минг 900 та мурожаатлардан 1 минг 635 таси ёки 86 фоизи ижобий ҳал этилди.
Ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан, ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши, ёнғин, пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатларига дуч келяпмиз.
Шу ўринда Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси огоҳлантиради:
Ёнғин, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ис газидан заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг!
Бу каби бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири бу – бепарволикдир.
Уйларни иситиш мақсадида носоз ҳолдаги ва қўлбола маиший иситиш жихозларидан фойдаланманг!
Табиий газ тармоқлари ва электр таъминотини ҳар куни назорат қилишни унутманг!
Юқори қаватли уйларнинг шамоллатиш тизимидан тўғри фойдаланинг!
Ёш фарзандингизни қаровсиз қолдирманг!
Ёдингизда тутинг!
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш нафақат халқимиз тинчлик-осойишталигини бузади, балки инсон саломатлигига ва ҳатто ҳаётига хавф солиб, мудхиш оқибатларни келтириб чиқариши, оила-аъзоларимизни, келажагимиз бўлган фарзандларимизнинг тан жарохати олишига, бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз!
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг!
Ҳар қандай ёнғин, чақнаш ва ис газидан заҳарланиш фарзандингиз ёки яқинларингиз ҳаётига хавф солиши мумкин!
Огох бўлинг!
Ёнғин - тасодиф эмас!
Ҳаётбек РАҲИМОВ,
вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси
Ахборот хизмати бошлиғи, капитан