Атрофга назар

ҚАМЧИҚ ДОВОНИ ВАҚТИНЧА ЁПИЛГАНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЙЎЛДА БЎЛИБ ТУРГАН ЙЎЛОВЧИЛАРГА ДАВЛАТ ТОМОНИДАН МАХСУС РЕЙС ОРҚАЛИ ПОЕЗД ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ


12.03.2022   515

Хабарингиз бор, Тошкент–Водий автомобиль йўлининг 6 та жойида тош-тупроқ массаси ўпирилиши содир бўлгани маълум қилиниб, Қамчиқ довонидаги ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшимча маълумот берган эди.

Тошкент–Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида автомобиль йўлининг хавфли ҳудудлари «Қамчиқ» махсус, қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси, «Қамчиқ» қор кўчкисини кузатиш станцияси, геологик хавфли жараёнларни кузатиш «Фарғона» станцияси, «Қамчиқавтойўл» ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, соат 7:30 ларда А-373 Тошкент–Ўш автомобиль йўлининг 229,8-километр ҳудудида, автомобиль йўлидан 80–100 метр узоқликда тоғ ёнбағирликларидан 300 минг метр/куб ҳажмда қор кўчкиси содир бўлиб, қор массалари Қамчиқсой сойи ўзанига тушган.

Шунингдек, Тошкент–Водий автомобиль йўлининг 6 та жойида тош-тупроқ массаси ўпирилиши содир бўлиб, йўл четдаги хандаққа (кюветга) тушган.

«Бундан ташқари, мустаҳкам бўлмаган тош массалари автомобиль йўлининг 251,7–260 километри оралиқларида автомобиль йўлига тушиши мумкин бўлган ҳудудлар аниқланди.

Ҳозирда хавфли ҳудудларда тош массаларини мажбурий тушириш бўйича «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси, «Қамчиқавтойўл» ҳамда йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан ҳамкорликда тадбирлар амалга оширилмоқда.

Довон йўлида содир бўлган геологик ва гидрометеорологик ҳодисалар оқибатида жабрланган ва жароҳат олганлар йўқ», – дейилган эди хабарда.

"Қамчиқ" довони вақтинча ёпилгани муносабати билан йўлда бўлиб турган йўловчиларга давлат томонидан махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилди.

Поезд бепул хизмат кўрсатади. Махсус йўловчи ташиш поезди айни вақтда Нурафшон шаҳрида бўлиб турибди.

Ушбу поезд:

Соат 15:30 Оҳангарон шаҳридаги темир йўл вокзалида тўхтайди;

Соат 16:00 да Ангрен шаҳридаги темир йўл вокзалида тўхтайди.

Манба: daryo.uz ҳамда Водий бозори телеграмм канали.