Атрофга назар

ҚАМЧИҚ ДОВОНИДА МИКРОАВТОБУСЛАР ЮРИШИГА РУХСАТ БЕРИЛДИ


05.05.2023   178

Президентимиз жорий йилнинг 26 апрель куни “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорга имзо чекди.

Унда республиканинг туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш, шунингдек, мавжуд ресурслар ва имкониятлардан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадлари кўзланган.

Мазкур ҳужжатда 2023 йил 1 майдан Фарғона, Наманган ёки Андижондан Бухоро, Самарқанд, Термиз, Урганчга, шунингдек, Термиз – Нукус, Самарқанд – Урганч, Бухоро – Урганч, Фарғона – Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейсларни йўлга қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, жорий йил 1 майдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда Қамчиқ довони орқали йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ва ҳайдовчидан ташқари ўн тўрттагача ўриндиққа эга бўлгантуристик микроавтобус қатновига рухсат берилди.