Атрофга назар

ҚАМОҚДАН ЧИҚҚАН ФУҚАРОЛАРГА 9,2 МЛН СЎМ ЁРДАМ ПУЛИ БЕРИЛАДИ


01.07.2022   239

Президентнинг 29 июндаги [ПҚ-299-сон] қарори билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга моддий ёрдам бериш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» доирасида 9,2 млн сўм пул берилади. Уни олиш учун эса фуқаро тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик йўналишларидаги ўз лойиҳасини махсус комиссияга тақдим этиши зарур.

Қарор билан қабул қилинган низомга кўра, пул маблағлари маҳкумлар озодликка чиққач уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш мақсадида «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» доирасида ажратилади.

Тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириш учун бир марта меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари — 9 млн 200 минг сўм миқдорида берилади.

Ёрдам пуллари ушбу масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида берилади.

Кўмак олувчилар жазони ўтаб бўлганидан кейин 3 ой муддатда ишчи органга ўз лойиҳасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этади.

Лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосани тайёрлаш қуйидаги мезонларга асосланади:

  • бошламоқчи бўлган тадбиркорлик, меъморчилик ёки ҳунармандчилик фаолиятининг натижадорлиги ва даромадли эканлиги;
  • маҳалла фуқаролар йиғинининг ижобий тавсияси;
  • кам таъминланган ёки ёлғизлиги;
  • қарамоғида ногиронлиги бўлган ёки вояга етмаган фарзанди борлиги;
  • кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзанди борлиги ва моддий кўмакка муҳтожлиги;
  • нотурар жойларда истиқомат қилаётганлиги.
  • Аввалроқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташ даврида бажарилган ҳар қандай иш, агар ушбу иш учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланиши таклиф этилганди.