Атрофга назар

Карантин чоралари — барқарор ҳосил кафолати


13.02.2026   63

Сўнгги йилларда цитрус экинларини етиштириш ҳажми ортиб бораётгани билан бирга, ушбу соҳада фитосанитар хавфлар ҳам кўпаймоқда. Шулардан энг хавфлиларидан бири — цитрус оққаноти бўлиб, у карантин аҳамиятига эга зараркунанда ҳисобланади.

Цитрус оққаноти асосан лимон, апельсин, мандарин каби ўсимликларнинг баргларида яшаб, ширасини сўради. Натижада барглар сарғайиб, фотосинтез жараёни издан чиқади, ҳосил миқдори ва сифати кескин пасаяди. Оққанот ажратадиган ширин чиқиндилар барг юзасида қора замбуруғлар ривожланишига сабаб бўлади. Зараркунанда кўпинча кўчатлар, пайванд материаллари ва парвариш қилинмаган иссиқхоналар орқали тарқалади. Шу боис цитрус ўсимликларида карантин талабларига қатъий риоя этиш муҳим.. Чет элдан олиб кирилаётган кўчат ва маҳсулотлар мажбурий фитосанитар текширувдан ўтказилиши шарт.

  • Ёз ойларининг охирида барг тўкадиган дарахтларда ривожланган оққанотлар цитрус дарахтларига учиб ўтади ва қишда уларнинг зарарланишини кучайтиради. Қиш ойларида асосан цитрус дарахтларида қишлайди, - дейди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошкармаси ТИФ инспектори Б.Уралов. - Катта ёшдаги оққанотлар узоққа учолмайди, дарахт шохларида ёпишиб туради, аммо шамол ёрдамида, кийимлар, транспорт воситалари, кесиб олинган гуллар, шохлар орқали бошқа ўсимликларга енгил кўчиб ўтиши мумкин. Тарқалишининг асосий манбаи зарарланган кўчатлардир. Унинг личинкалари кўчатлар, гуллар ва мевалар орқали бир давлатдан бошқа давлатга, туманлардан бошқа туманларга кўчиб ўтиши мумкин.

Карантин чоралари доирасида зараркунандани эрта аниқлаш, мунтазам мониторинг ўтказиш, зарарланган ўсимлик қисмларини йўқ қилиш ҳамда биологик ва кимёвий кураш усулларини меъёр асосида қўллаш тавсия этилади. Иссиқхона ва томорқаларда санитария қоидаларига амал қилиш катта аҳамиятга эга. Шунингдек, цитрус оққанотига қарши ўрнатилган карантин тадбирларни амалга оширишда хўжаликларнинг воситалари ва кучидан фойдаланиш зарур. Агар хўжалик кўчат етиштириб, сотишга ихтисослашган бўлса, фумигацион камераларга эга бўлиши, кўчат ва қаламчаларни жўнатишдан олдин зарарсизлантириши лозим. Карантин ҳолати жорий қилинган хўжаликлардан маҳсулотларни карантин инспекциясининг рухсатисиз ташқарига олиб чиқиб кетмаслик,
жўнатмаларни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиш жоиз.

Хулоса қилиб айтганда, цитрус оққанотига қарши самарали карантин тадбирлари — соғлом кўчат, юқори ҳосил ва экспортбоп маҳсулот гаровидир. Бу борада фермерлар, тадбиркорлар ва мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорлиги қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Ш. МАҲМУДОВ,

М. МЎМИНОВ,

вилоят Ўсимликлар карантини ва

ҳимояси бошқармаси ТИФ инспекторлари.