Атрофга назар

Қарор ва ижро: Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси ишга тушади


25.07.2024   714

Мамлакатимизда 2025 йил 1 январдан Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси ишга тушади. Бу давлат хизматчилари ҳамда аҳолининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини муттасил оширишга қаратилган электрон платформадир. Бу ҳақда Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида қайд этилган.

Қарорда қатор устувор йўналишлар белгиланганки, бу ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, жамиятда коррупцияга қарши ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдиришга хизмат қилади.

Шунингдек, бу коррупцияга қарши курашиш учун масъул бўлган ходимлар, шунингдек, коррупция хавфига энг кўп дучор бўлган давлат хизмати лавозимларини эгаллаб турган ходимларнинг билим, кўникма ва малакасини доимий равишда ошириш имконини бериши қайд этилди.

Тизим, шунингдек, сертификат олган давлат хизматчилари реестрини юритган ҳолда, давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва аттестациядан ўтказишни ҳам назарда тутади.

Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва ўтказиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси томонидан амалга оширилади.

Агентлик коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилиши лозим бўлган давлат хизматчилари контингентини шакллантиради, академия билан келишган ҳолда, йиллик ўқитиш режа-графигини тасдиқлайди, ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиб боради. Шу билан бирга коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати, коррупциявий хавф-хатарлар ва тадқиқот натижаларини инобатга олиб, янги ўқув модулларини жорий этиш бўйича академияга таклифлар киритади.

Виртуал академияда давлат хизматчиларидан ташқари аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, таълим муассасалари талабалари, ўқувчилар ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар ходимлари ҳам ўқиши мумкин.

Ўқитиш базавий ва махсус ўқув курслари бўйича ташкил этилади. Давлат хизматчилари учун виртуал академиядаги махсус ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида малака ошириш мажбурий, бошқа тоифалар учун эса ихтиёрий ҳисобланади.

Улар ишга қабул қилингандан кейин уч ой ичида курсни тугатишлари керак бўлади. Давлат хизматчиларининг малакасини ошириш даврийлиги камида уч йилда бир марта ташкил этилади.

Коррупцияга қарши кураш бўйича ички назорат бўлинмалари ходимлари ва давлат хизматининг коррупция хавфига энг кўп дучор бўлган лавозимларида ишлайдиганлар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида ўтказилади.

Давлат хизматчилари ҳисобланмайдиган шахсларни махсус ўқув курсларида ўқитиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли давлат органи ёки ташкилотига ушбу мақсадлар учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида ёхуд уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади

Виртуал академиянинг самарали фаолиятини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўз навбатида вилоят ҳокимининг 2024 йил 15 июлдаги 251-1-0-Q|24 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур меъёрий ҳужжатда бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, улар ижроси юзасидан таҳлилий маълумотлар вилоят ҳокимлиги коррупцияга қарши курашиш ички назорат шўъбасига тақдим этилади. Тегишли бошқарма ташкилотлар ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари мунтазам равишда ходимларни виртуал академияда малакасини ошириб боришларини таъминлайдилар.

Мазкур қарор ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Каримовга юклатилди.