Андижонда

Қарздорликни сўндириш ишлари олиб борилмоқда


23.11.2023   422

Маълумки, давлатимизнинг иқтисодий таянчларидан бири биз тўлаётган солиқ ва бошқа турдаги мажбурий тўловлардир. Шу боис уларга доир қарздорликларнинг ошиб кетиши давлат бюджети ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар молиявий фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис Андижон вилоятида Мажбурий ижро бюроси ҳамда солиқ идоралари ходимлари томонидан мавжуд қарздорликни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Натижада йилнинг ўтган даври мобайнида 1 триллион сўмдан зиёд қарздорликни сўндиришга эришилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Булоқбоши туманида ҳам намунали йўлга қўйилган. Ўрганиш ишлари давомида тумандаги 632 нафар якка тартибдаги тадбиркорларнинг 741 миллион сўмлик қарзлари мавжудлиги аниқланди.

-Булоқбоши туманида фаолият олиб бораётган 632 нафар якка тартибдаги тадбиркорларнинг 741 млн. сўм миқдоридаги солиқ қарзлари мавжуд,-дейди МИБ Андижон вилоят бошқармаси ходими Ойистахон Абдураҳмонова. -Уларни ундириш бўйича жойларга чиқилиб, ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижада, тадбиркор Мирзахалил Муҳаммадазизов12 млн. 175 минг сўмдан иборат солиқ тўловини ўз вақтида тўламагани боис савдо дўкони хатлаб қўйилди. Шундан сўнг тадбиркор тўловни амалга оширди ва дўконда савдо фаолиятини давом эттиришига рухсат берилди.

Фаолият доирасида банклар фойдасига кредит қарздорликларини ундириш бўйча ишлар тизимли йўлга қўйилган. Ижро ҳужжатига кўра, Миллий банк фойдасига 1,5 млрд сўмдан зиёд кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаровдаги мулкларга қаратиш белгиланган. Бюронинг Булоқбоши туман бўлими ходимлари қарздор жамиятга тегишли бинони кўздан кечириб, қарздор вакиллари билан суҳбат жараёнида кредит қарздорлигини бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишларини ҳам олиб бордилар.

Айтиш жоиз, биргина ноябрь ойининг ўзида 162 нафар қарздорларнинг 11 млрд. сўмдан ортиқ мол-мулки хатланиб, шундан 7,8 млрд. сўмлик мол-мулклар электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ.