Касбий таълим тубдан ислоҳ қилинмоқда
26.12.2025 122
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида энди техникум талабаларига ҳам стипендия жорий қилиниши айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, 2026 йилдан бошлаб техникумларда “дуал таълим” асосида таълим олаётган 100 минг ўқувчига илк бор стипендия тўланади. Шунингдек, “аъло” баҳоларга ўқиётган, танлаган касбини пухта эгаллаётган фарзандларимизга эса оширилган миқдордаги стипендиялар берилади.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда касбий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Президентимизнинг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тизимдаги мақсад ва вазифалар яққол акс эттирилган.
Хужжатга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда касбий таълим тизими тубдан янгиланади — дуал таълим улуши тўрт баравар оширилади, ўқувчиларга стипендия берилади, 9-синф битирувчиларининг ярми техникумларда таҳсил олади.
2026 йилдан бошлаб 5 май куни «Касб ва меҳнат куни» сифатида ҳар йили кенг нишонланади ҳамда унинг доирасида жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида касблар жозибадорлигини ошириш ва касбий таълимни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар тизимли равишда амалга оширилади.
Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам дуал таълим тизими асосида таҳсил олаётган ўқувчилар билан бўлган қатор учрашувлари давомида ёшларнинг таълим олиш жараёни, амалий кўникмаларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш масалалари ҳамда келгусида соҳада малакали кадрлар тайёрлашнинг аҳамияти юзасидан мутахассислар билан фикр алмашади. Шунингдек, йигит-қизлар билан самимий суҳбат қуриб уларнинг мақсадларига қизиқади.
Вилоят раҳбарининг техникум директорлари, уларнинг ўринбосарлари, ва тегишли масъуллар ҳамда манфаатдор корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокидаги йиғилишда корхоналар билан ҳамкорликни кучайтириш, улар ҳузуридаги ўқув хоналаридан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди. Техникумларда инглиз, немис ва хитой тилларини ўқитиш сифатини ошириш масаласикўриб чиқилди.
Бугунги кунда вилоятда жами 56 та техникумда 94 та касб бўйича 45 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. 9 мингга яқин йигит-қиз “ UzAustem”, “Dinar”, “Dirom”, “Uz Saemyung” , “Uz Tong Hong Koʼʼ сингари471 та йирик ишлаб чиқариш корхоналарига бириктирилиб, дарс машғулотлари ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзида ташкил этилган.
22 минг 33 нафарўқувчигаэса ўрта ва кичик бизнес субъектларида 4+2 таълим жараёни - 4 кун корхонада дуал таълим шаклида амалиёт ҳамда 2 кун техникумда дарс машғулотлари олиб борилмоқда.
Дуал таълим жараёнлари асосан иқтисодиётнинг саноат, транспорт, қурилиш, енгил саноат, қишлок хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида кенг қўлланилмоқда. Бугунги кунда маош олиб ишлаб келаётган ўқувчиларимиз сони ҳам олти ярим мингдан ошди.
Қисқа вақтдаги фаолият шуни исботладики, дуал таълим бу – кадрлар муаммосига энг тўғри ечим экан. Мазкур тизим ёшлар бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори талабларига мос малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мурожаатномада қайд этилганидек, 2026 йилда юртимиз ёшларининг ҳар томонлама етук кадр бўлиб, таълим-тарбия олишлари учун барча шароит яратиб берилади. Бу борадаги мақсадларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши йўлида бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.
Музаффар МАДАЗИМОВ,
вилоят касбий таълим бошқармаси бошлиғи.
