Қай гўшага борманг, одамларнинг юзида ҳаётдан розиликни кўрасиз
20.07.2026 15
Ҳар бир обод маҳалла фаровон ҳаёт тимсоли, ҳар бир бунёдкорликинсон манфаати йўлидаги амалий қадамдир. Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш ва маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган. Жорий йилда ҳам мамлакатимиз бўйлаб изчил амалга оширилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Дастур доирасида ишсиз аҳолини бандликка жалб этиш, оилаларнинг даромад манбаларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли яшаш шароитини янада юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир лойиҳанинг марказида инсон манфаати, оила фаровонлиги ва халқ розилиги турибди.
Шу маънода вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мазкур эзгу ғоянинг амалий натижасини намоён этмоқда. Қайси ҳудудга назар ташламанг, янги асфальт йўллар, қурилаётган ижтимоий объектлар, таъмирланаётган таълим муассасалари, янгиланаётган муҳандислик тармоқлари ва аҳоли учун яратилаётган қулайликларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Мисоллар эса талайгина.
Булоқбоши туманида “Оғир маҳалла” дастури доирасида Навоий маҳалласидаги “Ёғду” кўчасига асфальт ётқизилиши нафақат йўл сифатини яхшилайди, балки аҳолининг турмуш даражасига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
***
Йўл — тараққиёт мезони. Равон ва сифатли йўллар инсонлар учун қулайлик яратиш билан бирга, иқтисодий фаолликни ҳам оширади. Бу борада маҳаллаларда амалга оширилаётган лойиҳалар аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Андижон туманининг Саноат маҳалласида ҳам йўллар таъмирланмоқда, муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланмоқда, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Бу ишлар фақат қурилиш билан чекланиб қолмайди. Улар маҳалланинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар яратиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Мингўрик маҳалласининг 5 та марказий кўчасида қарийб 8 километр ички йўллар таъмирланмоқда. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари қурилиши, тунги ёритиш тизимларининг ўрнатилиши аҳоли учун хавфсиз ва замонавий муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Бу каби ишлар нафақат ҳудуд кўркини оширмоқда, балки экологик муҳитни яхшилаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
***
Пахтаобод туманида мактабгача таълим муассасаларини модернизация қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошқўрғон маҳалласидаги 21-сон ва Андижон маҳалласидаги 22-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш ва реконструкция ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Янги бинолар, замонавий жиҳозлар, хавфсиз ва қулай таълим муҳити фарзандларимиз учун муносиб шароит яратишга хизмат қилади. Бугун таълимга киритилаётган ҳар бир сармоя — эртанги тараққиётга қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
***
Олтинкўл туманидаги Андижон маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳам аҳоли ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. 200 та хонадонга замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилиши сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
***
Бўстон туманининг Янгиобод маҳалласида ирригация тармоқлари тўлиқ бетонлаштирилмоқда, янги қудуқлар қазилмоқда, насос станциялари ва трансформаторлар ўрнатилмоқда. Ички йўллар асфальтланиб, электр ҳамда сув таъминоти яхшиланмоқда.
“Сариқ жўга соҳил бўйи” замонавий дам олиш масканининг қурилиши эса маҳаллада туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун ҳам янги имкониятларни очади.
***
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ҳар бир ишнинг негизида инсон манфаати мужассам. Янги иш ўринлари яратилаётгани, муҳандислик инфратузилмаси яхшиланаётгани, ижтимоий объектлар қурилаётгани ва маҳаллалар обод бўлаётгани халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу ислоҳотлар нафақат бугунги кун эҳтиёжларини қондирмоқда, балки келажак авлод учун мустаҳкам пойдевордир. Обод маҳалла — фаровон оила, фаровон оила эса қудратли давлат таянчидир. Ана шу эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон этишга хизмат қилаверади.
Зилола РАҲМОНОВА.
