Андижонда

Кеча ва бугун: “ЎЗБЕКИСТОНДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН” ёрлиғи остида маҳсулотларимиз йигирмадан ортиқ давлатга экспорт қилинмоқда


06.07.2022   1956

Меҳнатга яраша муносиб шароитлар бўлсагина, кўзланган самарага эришасиз. Мустақиллик йилларида тобланган тадбиркор сифатида мана шу хулосага келдим. Жуда катта ўзгаришлар, янгиланишлар даврида яшаяпмиз. Ортга боқиб, кечаги ва бугунги кунни қиёслайдиган бўлсак, имкониятлар кўлами яққол намоён бўлади.

Корхонамиз мисолида олсак, беш-олти йил олдин 300-400 одам меҳнат қиларди. Ҳозир-чи, бир ярим мингга яқин ишчи-ходим бор. Аксарияти ўз ишининг устаси бўлган ёшлар. Тайёрлаётган маҳсулотларимиз, уларга кетадиган хом ашё – барчаси юртимизга импорт ҳолатида келарди. Ҳозир импорт ўрнини қоплаб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган бренд остида хориж бозорида ҳам ўз ўрнимизга эга бўлдик. 20 дан ортиқ давлатга чиқарилаётган маҳсулотларимизнинг экспорт салоҳияти 6 миллион доллардан ошди.

Режаларимиз катта. Спорт поябзаллари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш устида жадал ишлаяпмиз. Бу билан яна 500 ишчи ўрни яратилади. Давлатимиз Мустақиллигининг тантаналари арафасида корхонамиз томонидан тайёрланган янги турдаги бежирим кеталар ички бозорларимизга чиқарилади.

Юқорида таъкидлаганимдек, муносиб меҳнат шароитлари яратилиши доимий эътиборимизда. 2 маҳал иссиқ овқат, тиббий хизматлар беғараз ташкил этилган. Ходимлар ишга ўз вақтида, ортиқча қийинчиликсиз етиб келишлари учун 8 та автобус қатнови йўлга қўйилган. Танаффусларда мутолаа қилишлари учун бой кутубхона ишлаб турибди.

Ҳозир айни ёз мавсуми. Жамоадошларимизнинг фарзандлари оромгоҳларга бехатар, бешикаст етиб олишлари, мириқиб ҳордиқ чиқаришлари билан боғлиқ ташкилий масалалар маъмуриятимиз назоратида. Албатта, ишчиларнинг саломатлигини тиклашлари, дам олишлари учун улар танлаган сиҳатгоҳларга йўлланмалар олишда кўмаклашяпмиз. Буларнинг барчаси жамоамизни янада ғайрат билан меҳнат қилишга ундайди.

Мамлакатимиз конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар билан танишиб чиқдик. Таклифларимизни бердик. Корхонамиз жамоаси бу ўзгаришлар замирида юртимиздаги каттаю кичик – барча инсоннинг қадри-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатлари жамулжам бўлганидан мамнун.

Абдуҳошим ИСМОИЛОВ,

«Равон тараққиёт орзуси» корхонаси раҳбари.