Андижонда

КЕЛАЖАК САРИ ИЛК ҚАДАМ» СОҲИБЛАРИ СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚНИ ЧАЛДИЛАР


24.05.2022   537

Айни кунларда вилоятимизда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлар кўтаринкилик билан давом этмоқда. Ушбу қувончли айёмда Андижон шаҳридаги мавжуд мактабларни тамомлаётган 4 минг 448 нафар йигит-қизлар ҳам етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олиб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқдалар.

Шу муносабат билан Андижон шаҳрида жойлашган муҳташам “Ёшлар маркази”да 2021-2022 ўқув йилида таълим муассасаларини тамомлаётган фаол битирувчилар иштирокида байрам тантанаси бўлиб ўтди. “Келажак сари илк қадам” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбир аввалида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, мамлакатимизда ёш авлодни муносиб таълим-тарбия олишларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини, келажак ворисларини ватанга содиқ инсонлар этиб вояга етказиш йўлида юртимизда, хусусан, вилоятимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидланди. Шунингдек, муддатдан олдин олий таълим муассасаларига кириш имтиёзига эга бўлган, ҳалқаро сертификатлар соҳиби бўлган ёшлар табрикланди.

Тантана мобайнида қатнашчилар ва меҳмонларга касб-ҳунар йўналишида ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган ўқувчиларнинг турли йўналишлардаги кўргазмалари намойиш этилди.

Ўқувчилар томонидан мусиқий дастур тадбирга жам бўлганларни яна бир бор мактаб даврига қайтарди.

Зилола РАҲМОНОВА.