Андижонда

КЕЛАЖАК УЧУН БЕФАРҚ ЭМАСМИЗ


30.04.2023   231

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда овоз бериш жараёнлари Андижон шаҳрида ташкил этилган жами 125 та референдум участкасида ҳам қизғин кетмоқда. Маълумки, референдумда овоз бериш бюллетенида овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари “ҳа” ёки “йўқ” деб кўрсатилган. Участка комиссия аъзолари овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида ҳам тушунтиришлар бермоқдалар.

Андижон шаҳридаги 88-референдум участкаси ҳам айни вақтда овоз берувчилар билан тўла. 2638 нафар умумий овоз берувчиларнинг 28 нафари муддатидан олдин овоз бериб улгурдилар. 63 нафар яшаш уйида овоз берувчилар учун комиссия аъзолари томонидан кўчма қутилар юборилади.

Озодлик маҳалласи Шарқ юлдузи кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи Сайдулло Аббосов 88-референдум участкаси ҳудудидаги 12 нафар илк марта овоз бераётган ёшларнинг бири.

  • Илгари бундай сиёсий жараёнларда иштирок этаётганларни, овоз бераётган ёши катта одамларни кўриб, уларга ҳавас қилардим. Биринчи марта овоз бераётганим сабабли, бироз ҳаяжонландим. Тўғрисини айтсам, ҳозир ўзимни росмана улғайган, катта бир сиёсий жараён иштирокчиси, деб сезяпман. Янги Конституция лойиҳаси халқимизга тақдим этилгач, барча ўзгартиш ва қўшимчалар билан танишиб чиқишга ҳаркат қилдим, тарғибот тадбирларини кузатиб бордим. Шулардан келиб чиқиб овоз бердим.

Жараёнлар барча референдум участкаларида қизғинлик билан давом этмоқда.

2-Андижон референдум округи Матбуот маркази.