Атрофга назар

Келажакнинг ишончли қадамлари


03.07.2026   8

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан 2026–2027 ўқув йили учун Президент, ижод, ихтисослаштирилган ҳамда спорт мактабларига қабул жараёнлари ўтказилди.

Жараёнлар очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилди. Номзодлар ҳужжатларини электрон тарзда топшириш имкониятига эга бўлдилар ва аризалар 2026 йил 15 майдан 14 июнга қадар қабул қилинди. Президент мактабларига ҳужжатлар қабули эса 2026 йил 25 майдан бошланди ҳамда барча жараёнлар электрон тизим орқали амалга оширилди.

Президент мактаблари учун қабул квотаси ўзгармаган бўлиб, республикадаги 14 та Президент мактабининг ҳар бирига 24 нафардан, жами 336 нафар ўқувчи қабул қилиниши белгиланган.

Ижод, ихтисослаштирилган ва спорт мактаблари учун квоталар эса ҳар бир таълим муассасаси кесимида алоҳида тасдиқланган. Яъни улар учун ягона умумий квота эмас, балки ҳар бир мактабнинг йўналиши ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда алоҳида қабул кўрсаткичлари белгиланган.

Вилоятимизда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга қабул йилдан-йилга юқори қизиқиш билан кечмоқда. 2026–2027 ўқув йили қабул кампанияси ҳам бу борада янги рекордларни қайд этди. Рақамлар таҳлили вилоятда Президент, ижод, ихтисослаштирилган ва таянч ихтисослаштирилган мактабларда таълим олишга интилаётган иқтидорли ёшлар сони сезиларли даражада ошганини кўрсатмоқда.

2025–2026 ўқув йилида вилоят бўйича жами 23553 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлса, 2026–2027 ўқув йилида бу кўрсаткич 39848 нафарга етди. Яъни бир йил ичида талабгорлар сони 16 минг 295 нафарга ёки 69,2 фоизга ошди.

Йўналишлар кесимида ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Президент мактабларига ҳужжат топширганлар сони 5145 нафардан 6569 нафарга етди. Бу ўтган ўқув йилига нисбатан 27,7 фоизлик ўсишни ташкил этди.

Ижод мактабларига бўлган қизиқиш янада юқори суръатларда ўсди. Агар 2025–2026 ўқув йилида 492 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлса, жорий қабул кампаниясида уларнинг сони 803 нафарга етди. Бу эса 63,2 фоизлик ўсиш демакдир.

Ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширганлар сони ҳам барқарор ўсишни намоён этди. Ўтган ўқув йилида 13566 нафар талабгор қайд этилган бўлса, бу йил уларнинг сони 18875 нафарга етди. Натижада мазкур йўналиш бўйича талабгорлар сони 39,1 фоизга кўпайди.

Энг юқори ўсиш таянч ихтисослаштирилган мактабларда кузатилди. 2025–2026 ўқув йилида 4350 нафар талабгор ҳужжат топширган бўлса, 2026–2027 ўқув йилида бу кўрсаткич 10539 нафарни ташкил этди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 142,3 фоизлик ўсишни англатади.

Жорий йилдан спорт мактабларига вилоятимиз ёшларидан 59 нафар талабгор ҳужжат топширди.

Имтиҳонлари белгиланган тартибда, 10 та ҳудудда, замонавий баҳолаш мезонлари асосида ўтказилди ва ҳар бир иштирокчи учун тенг имкониятлар яратилди.

Барча имтиҳон марказларида талабгорлар учун зарур моддий-техник база яратилди ҳамда уларнинг имтиҳонларни бемалол ва хотиржам ўташлари учун қулай шарт-шароитлар таъминланди.Имтиҳонлар ота-оналар томонидан онлайн тарзда кузатиб бориш имконияти йўлга қўйилди.

Сардор Сирожиддин,
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби мураббийи,
Андижон давлат педагогика институти докторанти.