Андижонда

КЕНГАШ МАҲАЛЛАСИГА МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ФИДОЙИСИ РАИС ЭТИБ САЙЛАНДИ


17.05.2022   316

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сайловининг 2-босқичи айни бугун вилоятнинг барча тамун ва шаҳарларида кўтаринкилик билан давом этмоқда. Мазкур босқич сайловлари жами 87 та маҳаллада ўтказилиши белгиланган.


Хусусан, Андижон шаҳридаги “Кенгаш” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда 177 нафар вакиллар 3 нафар номзодга овоз бердилар. Одиллик ва очиқлик тамойилларига, шаффофликка амал қилган ҳолда ўтказилган жараёнда ҳудуддаги ҳурматга эга, салоҳиятли, халқ корига ярайдиган, жамоат ишларида фаол, ташаббускор, ҳар бир ишга масъулиятли инсонлар номзодлари сараланди.


- Маҳалла оқсоқоли ҳар томонлама бошқаларга ибрат бўладиган, эзгуликлари билан ортидан маҳалладошларини эргаштира оладиган, ҳудуд равнақи учун фидойи бўлиб фаолият юритадиган етакчи бўлиши керак, - дейди Чўлпоншох кўчасида истиқомат қилувчи сайловчи Зулайҳо Агаева. – Мен бугунги сайловда ўзим танлаган ана шундай номзодга овоз бердим.

Якуний натижаларга кўра, 112 та овоз билан Азизбек Низамов ғолиб деб топилди ва маҳалла раиси этиб сайланди.

Раънохон МЎЙДИНОВА.