Ҳалоллик вакцинаси барчага керак!
06.12.2025 124
Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди.
АТ Халқ банки Андижон вилоят Минтақавий марказида ҳам бу борада Ички назорат ва комплаенс хизмати ташкил этилиб, унда фаолият юритаётган ходимлар ISO37001 “Коррупцияга қарши курашишни бошқариш тизимини жорий этиш” халқаро стандарти талаблари бўйича ўқитилди.
Коррупцияга қарши курашиш доирасидаги ишларнинг ҳуқуқий базасини яратиш юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тавсиявий ҳужжатлари асосида Бош банк томонидан коррупцияга қарши курашиш сиёсати, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш ва бошқа 13 дан ортиқ соҳага оид меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, шу асосида ишлар ташкил этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни талаблари доирасида АТ Халқ банки Андижон вилояти минтақавий маркази ва банк хизматлари марказларида банк ходимларининг манфаатлар тўқнашувига оид йиллик декларацияларини таҳлил қилиш, “Манфаатлар тўқнашуви реестри” шакллантириш ҳамда реал манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келишини олдини олиш чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Қонун талабларидан келиб чиқиб, 2025 йилда АТ Халқ банки Андижон вилоят минтақавий маркази ва унинг тасарруфидаги банк хизматлари марказларининг 540 нафар ходимларидан манфаатлар тўқнашувини олдини олиш юзасидан йиллик декларациялар олиниб, тегишли чоралар кўрилди.
АТ Халқ банки Андижон вилояти минтақавий маркази ва банк хизматлари марказларида банк филиалларида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоқа каналлари, ишонч телефонлар, телеграмм/бот каналлари, шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида саҳифалар ташкил этилган.
Кредитлаш жараёнларига скоринг тизими жорий қилиниб, у орқали Давлат солиқ қўмитаси ва кредит бюросидан олинадиган маълумотлар асосида мижозларнинг кредитга лаёқатлилигини автоматлаштирилган тартибда бахолаш амалиёти йўлга қўйилган. Кредит ажратиш жараёнларига инсон омили таъсирини камайтириш мақсадида барча турдаги чакана кредитларини (микроқарз, таълим ва овердрафт кредитлар) банкнинг “XAZNA” мобил иловаси орқали онлайн тарзда ажратишни жорий қилиш орқали ушбу амалиётлар тўлиқ рақамлаштирилган.
Банк хизматларини рақамлаштиришнинг яна бир йўналиши сифатида банкда мижозларга узларининг ҳисобрақамларини масофадан идентификация қилиш орқали очиш, банк ва тўлов хизматларидан онлайн режимда банкка бормасдан масофавий тарзда фойдаланиш имконини берувчи рақамли биометрик идентификация қилиш тизими (Face ID) жорий қилинган.
Инсон омилини камайтириш ва коррупцияни олдини олиш мақсадида, Халқ банкининг “XAZNA” мобил иловаси орқали фуқароларга онлайн тарзда омонатлар қўйиш ва ушбу омонат маблағларини тасарруф қилиш, барча турдаги коммунал тўловлари ва бошқа тўловларни тўлаш, Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида йигилиб борган маблағларини, фуқаро вафот этганда тўланадиган дафн пули ва янги туғилган фарзанд учун тўланадиган суюнчи пули маблағларини банкка келмасдан ушбу илова орқали олиш имкониятлари яратилган.
Аброрбек НИЗОМОВ,
АТ Халқ банки Андижон вилоят
минтақавий маркази Ички назорат
ва комплаенс хизмати катта менежери.