Атрофга назар

ҲАР БИР ХОНАДОН ИНСОН ЭЪТИБОРИДА


04.10.2024   850

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш ҳамда ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуаль ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўрнида аҳолига индивидуаль ёндашув асосида ижтимоий кўмак кўрсатишда ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, «аёллар», «ёшлар», «темир дафтар» кабиларнинг ўрни беқиёс. Ўз навбатида, маҳаллаларда ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолияти эса ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш имконини бермоқда.

Айни масалаларни ҳал этишда янада қулайлик яратиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиб, бу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини янада ошириш учун туман (шаҳар)лардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркаилар фаолияти йўлга қўйилган. Таъкидлаш жоиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг 43 тури маҳаллада ва 30 тури «Инсон» марказларида (жами 73 тур) кўрсатилади. Ушбу хизматларнинг 39 тури 2023 йилнинг 15 октябридан бошланган бўлса, 34 турдагиси эса 2024 йил 1 январдан бошланди. Бунда, ногиронликни белгилаш, протез-ортопедия билан таъминлаш, санаторийларга юбориш, психологик ёрдам ва ижтимоий нафақа тайинлаш бўйича хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Шунингдек, ижтимоий хизматни кўрсатиш тезкорлиги ва самарадорлиги махсус қурилма (планшет) орқали таъминланади. Яъни, ижтимоий ходимлар маҳаллада планшетлар орқали 21 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар бўйича аризаларни онлайн тарзда қабул қилмоқдалар.

Бундан ташқари, ушбу марказлар ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтиомий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий паспортларини шакллантириш ишларини амалга оширади.

Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менеджмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш ҳам марказнинг асосий вазифаларидан бири саналади.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи юқори бўлган қатламни манзилли аниқлаш борасида юқоридаги каби тизимнинг жорий этилиш, фуқароларимизга зарурий ёрдам ва кўмакни ўз вақтида кўрсатиш орқали ортиқча давлат бюджети сарфланишининг олди олинишига ҳамда бу орқали кўпроқ аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.