Истеъмолчиларнинг муаммоларини бартараф этаётган маҳалла газчиси

12.12.2024 880
Ҳар қандай тизимда олиб борилаётган фаолият жараёнида шубҳасиз, ходимнинг ўз олдига қўйган асосий мақсади бўлади. Бу эса халқ фаровонлиги ва уларнинг яшаш шароитининг яхшиланишига хизмат қилиши табиий. Маълумки, газ таъминоти тизимида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди. Аҳоли ўз мурожаатини маҳаллада ташкил этилган тизим ходимига мурожаат қилиши мумкин. Натижада эса газ таъминот ходими ва истеъмолчи орасидаги масофа янада яқинлашди. “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг афзаллиги шундаки, истеъмолчи энди сарсон бўлмайди, газ билан боғлиқ муаммоси бўлса, маҳалласига бориб, ҳудудга бириктирилган газчи кўмагидан фойдаланади. Шу билан бирга, вақт йўқотишларнинг олди олинади. Бугун Андижон вилоятида бу борадаги жараёнлар намунали ташкил этилмоқда.
Бахтиёр Абдусаломов ҳам “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлимида маҳалла газчиси лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Ходимга шаҳардаги “Боғишамол” йирик ҳудудига кирувчи “Пистамозор”, “Ўзбекистон 20 йиллиги”, “Янги ҳаёт”, “Боғи Эрам” ва “Буюк Ипак йўли” маҳаллалари бириктирилган бўлиб, ушбу маҳаллаларда жойлашган ҳовли ва кўп қаватли уйлардаги истеъмолчилар сони жами 2 минг 570 тани ташкил этади.
“...Маҳалладаги ҳар бир хонадонга табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келяпмиз, - дейди маҳалла газчиси Б.Абдусаломов.- Шу билан бирга истеъмолчиларнинг газ билан боғлиқ мурожаатларини ўрганамиз, камчиликлар аниқланганда бартараф этиш чораларини кўрамиз. Ишимиз жуда масъулиятли ва жонкуярликни талаб этади. Қийинчиликларга қарамай, шу соҳада иш олиб бораётганимдан хурсандман. Бугун ҳам “Пистамозор” МФЙ ўрамидаги 15 га яқин хонадоннинг газ ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммоларини ўргандим. Кун давомида 20 га яқин хонадонларда бўламиз, уларни газ билан боғлиқ муаммоларини бартараф этишга ҳиссам қўшилса, чарчоқларим унутилади...”
Эндиликда белгиланган маҳалла фуқаролар йиғини биносидан газчилар учун ҳам алоҳида хоналар ажратган. Шу ернинг ўзида истеъмолчи газ билан боғлиқ мурожаатини билдириш ва унга ечим топиш имконига эга бўлади.
Вилоят бўйича 147 та маҳалла газчилари ва 27 та ҳудуд усталари фаолият олиб бормоқда. Андижон шаҳрида эса 129 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, маҳалла газчилари сони 33 тани ташкил этади.
Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Hudud mobile” дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳар бир маҳалла газчисига топшириқлар келади. Топшириққа кўра, маҳалла газчиси аниқ вазифа асосида ўз ишини ташкил этади ва бу бўйича белгиланган манзилларга бориб, муаммоларни бартара этиш чораларини кўради. Алоқага чиқмаётган электрон газ ҳисоблаш ускунаси, уларнинг сим картаси ёки қувватлагичларидаги муаммолар истеъмолчи кесимида маълумот сифатида берилади. Маҳалла газчиси эса ана шу муаммоларни бартараф этиб, унинг ечилганлиги ҳақида дастурга маълумотларни киритади. Бу ҳам маҳалла газчисининг ишларини маълум бир маънода енгиллатиш, аниқ вазифа асосида ишлаш учун кўмак бўлмоқда.
Айни кунларда эса маҳалла газчилари аҳоли хонадонларида табиий газ билан боғлиқ ёнғинлар олдини олиш, ис газидан огоҳ бўлишга оид кенг тартибда тарғиботларни ҳам олиб боришмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати