Ҳар бир инсон, ҳар бир бемор эътиборда
19.08.2024 975
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклаш тиббиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Мазкур йўналишда жойларда зарур ҳуқуқий ва моддий-техника база яратилди, малакали врач-психиатрлар билан таъминланган ҳамда замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган психиатрия шифохоналари ва психоневрология диспансерлари (кейинги ўринларда — психиатрия муассасалари) қурилди, аҳолига сифатли ва ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилишини ташкил этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Бу борадаги ишлар ривожига, айниқса, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ҳам муҳим таъсир этмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг 19 июнида эса “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштиришга, руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, даволаш сифатини ошириш, соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этиш, илм-фанни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хўш, вилоятимизда айни йўналишдаги ишлар самарадорлиги қай даражада олиб борилмоқда?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнорахон Абдувоҳидова билан ҳамкорликдаги ўрганиш ишлари вилоят психоневрология диспансери мисолида таҳлил қилдик.
Мониторинг ташрифида бу борада амалга оширилган ишлар самарасига алоҳида эътибор қаратилди. 660 ўринга мўлжалланган шифохонадаги беморларга яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳолати атрофлича кўздан кечирилди. Жараёнда даволанаётган шахсларга берилаётган таомнома ва егуликлар сифати, ошхона ва озиқ-овқатлар сақланадиган омборлардаги шароитлар талаб даражасида экани ва тиббиёт бўлимидаги дориларнинг яроқлилик муддатлари ўтмаганига гувоҳ бўлдик.
- Психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиб борамиз, - дейди биз билан суҳбатда диспансер бошлиғи Ойбек Бувабеков. – Беморларимизнинг ақлий ривожланишидаги бузилишнинг сабаблари ва шарт-шароитларини эрта аниқлашга, тиббий хизматларнинг сифатига салбий таъсир қилувчи камчилик ва муаммоларни ўз вақтида аниқлаб бартараф қилишга ҳаракат қиламиз. Хусусан, диспансеримиз фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этишга, шахс руҳий соғлиғининг ҳисобини юритиш, унинг текширувдан ўтказилишини ташкил этиш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўз вақтида кўриш мақсадида психиатрия хизматига алоҳида ёндашишга масъулият билан қараймиз.
-Нонвойлик билан шуғулланганман, - дейди Андижон шаҳрилик бемор Б. Темиров (исм-шарифи ўзгартирилган). – Икки йилдан бери асаб хасталигидан азият чекаман. Ушбу диспансерда мавсумий даволанаман. Шифокорларга раҳмат, ҳар бир беморга, у хоҳ катта ёшли бўлсин, хоҳ бола бўлсин чин дилдан астойдил эътибор билан қарайдилар. Энг муҳими, бу ерда барча тиббий хизматлар, муолажалар бепул.
Катталар учун 250 қатновга, болалар учун 50 қатновга эга поликлиника фаолияти ҳам доимий диспансер масъуллари назоратида. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида 4012 нафар бемор рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 3910 нафарининг саломатликлари тикланиб оилалари бағрига қайтган.
43 нафар мутахассис шифокорларнинг, ўрта ва кичик тиббий ходимларнинг жуда масъулиятли саъй-ҳаракатлари билан беморларнинг руҳиятидаги ўзгаришлар ижобий бартараф қилиниб келинмоқда.
Зилола РАҲМОНОВА