Андижонда

ҲАР БИР СЕКТОР ҲУДУДИДА НАМУНАЛИ САЙЛОВЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА


16.05.2022   294

Бугун, 16 май куни вилоятимизда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига овоз бериш жараёнлари бошланди. Сайлов бўладиган масканлар байрамона безатилиб, зарур хавфзизлик чора-тадбирлари кўрилди. Ҳар бир сектор ҳудудида биттадан маҳаллада намунали сайловлар ташкил этилмоқда. Одамларнинг кайфияти кўтаринки, сиёсий тадбирга юқори савияда жиддий тайёргарлик кўрилган.


Хўжаобод туманида 38 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 115 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Овоз беришнинг дастлабки кунида Саноатчи маҳалласи ўз етаксичи учун овоз бердилар. Ҳудудда 1687 нафар сайлов ёшидаги фуқаро рўйхатга олинган. Чорвадор, Тинчлик, “Ўзбекистон овози”, Гўзал диёр, Соҳибкор ва Зарбдор кўчаларидан 202 нафар вакил овоз бериш ҳуқуқини олдилар.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғриси” даги Қонунга мувофиқ раисликка 3 нафар номзод кўрсатилди. Улар маҳаллада обрў-эътиборга эга, ташкилотчи ҳамда кўпни кўрган инсонлардан.

Биринчи номзод Ойбек Собиров суяги меҳнатда қотган, каттаю кичикнинг обрўсини қозонган, илғор фермер хўжалиги раҳбари.

Баҳром Фозилов эса 14-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Талабчан, ташаббускор, ўз устида тинимсиз ишлайдиган йигит.

Учинчи номзод Фарҳод Мадиёровни ҳам маҳалладошлари ишонч билдириб раисликка тавсия қилишди. У “Навигул” қўшма корхонаси ходими. Кўпчилик билан ишлаш қобилияти кучли, одамларнинг ҳурматини қозонган инсон.

Сайловда ҳар уччала номзод ўзларининг келгуси фаолият дастури билан таништиришди. Шундан сўнг сайловчилар вакиллари яширин овоз бериш кабиналарида овоз беришни бошладилар.

Бугун туманнинг Навоий, Манак, Хидирша маҳаллаларининг белгиланган масканларида ҳам сайлов намунали ташкил этилмоқда.

"Andijonnoma" online гуруҳи