Атрофга назар

Ҳар нафасда шукримиз бисёр


17.03.2026   65

Дунёга боқинг, киприкдаги ёшдек қалқиб турибди. Бир пайтлар яшашни, саёҳат қилишни орзу қилган шаҳарлар бугун ҳавас қилгулик маскан бўлмай қолди. Баланд осмонўпар бинолари, кўм-кўк денгизлари билан мафтун этган манзилларда яшаётган машҳурлар ҳам ваҳимага тушиб, ижтимоий тармоқларда хавотирли видеолар улашяптилар. Гўё кечаги осойишта ҳаёт бир лаҳзада ўз рангини йўқотгандек.

Шундай вазиятларда давлатимиз раҳбарининг нафақат мамлакатимиздаги, балки дунёнинг турли бурчакларида яшаётган юртдошларимиз тақдири учун жонкуярлик кўрсатгани халқимиз қалбида алоҳида миннатдорлик туйғусини уйғотди. Яқин Шарқдаги кескин воқеалар туфайли четда қолиб кетган миллатдошларимиз қисқа фурсатда юртимизга хавфсиз ва талафотсиз олиб келинди.

Ижтимоий тармоқларда эса бошқа миллат вакилларининг: “Қанийди, ўзбекистонлик бўлсак, биз ҳақимизда ҳам шундай қайғуришса”, деган сўзлари тарқалди. Бу фикрлар, шубҳасиз,қалбимизда фахр ва масъулият туйғусини янада кучайтиради.

Дарҳақиқат, инсон ёмонни кўрмагунча яхшининг, урушни кўрмагунча тинчликнинг қадрига етмас экан. Бугун эса биз улуғ ой — Рамазон кунларини шукроналик руҳида қарши оляпмиз. Масжидларда таровеҳ намозлари ўқилиб, юрт тинчлиги, ватан осойишталиги учун дуолар қилинмоқда.Тонгда иш ва ўқиш томон хотиржам йўл олиб, оқшомда оиламиз бағрига соғ-саломат қайтиш — аслида энг катта бахт эканини яна бир бор ҳис этяпмиз. Фарзандларимиз илм йўлида, кексаларимиз қўллари дуода, халқимиз қалбида эса шукроналик билан ҳаёт давом этмоқда.

Осойишта юрт, ҳамжиҳат халқ ва келажакка ишонч — энг буюк неъматдир. Шу боис ҳар нафасимизда ОНА ВАТАНИМИЗ ОСОЙИШТАЛИГИГА, ОСМОНИМИЗ МУСАФФОЛИГИГА, ҲАЁТИМИЗ ТИНЧ ВА ФАЙЗЛИ ЭКАНИГА КЎЗ ТЕГМАСИН, дея шукрона қиламиз.

Моҳигул СИДДИҚОВА.