ҲАРБИЙ БУРЧГА САДОҚАТ МАКТАБДАН БОШЛАНАДИ
17.01.2025 924
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Избоскан туманидаги 11-умумтаълим мактабида ижодий дарс соати ташкил этилди. Унда ота-оналар ва устозлар жамоасига ўқувчилар иштирокидаги бадиий-маънавий чиқишлар тақдим қилинди.
- Таълим масканларида бундай тадбирларнинг ўтказилиши илк навбатда ёш авлодни болаликданоқ мамлакатимизда мудофаа ва ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришга хизмат қилади, - дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Афрўзахон Ҳамидова. – Чиндан ҳам кўриндики, ўқувчиларимиз ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида тушунчага эга бўлиб бормоқдалар.
3-“Б” синф ўқувчиси Саидислом Маҳмуджонов томонидан қилинган ҳарбий қасамёд барчага завқлантирди. Кичкинтой йигитлар иштирокидаги саф машқлари эса келажак авлоднинг юрт ҳимоясига камарбаста эканини ифода этди.
Интерфаол усуллар билан ўтказилган ижодий дарсда намойиш этилган бадиий чиқишлар ҳамда мавзу доирасида ўқувчилар билан ўтказилган мулоқотлар ёшларнинг ҳарбий бурчга бўлган қизиқишини, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Гулшаной ИБРОҲИМОВА,
бошланғич синф ўқитувчиси
