Атрофга назар

ҲАЙИТ ЯҚИНЛАШЯПТИ: ХИНА ХАРИД ҚИЛДИНГИЗМИ?


06.07.2022   606

Муборак Қурбон ҳайитига оз фурсат қолди. Барчанинг дилида қутлуғ айёмнинг ўзгача орзиқиши. Кимдир яқинларига байрам туҳфаларини харид қилаётган, кимдир ўзгача нишонлаш учун тайёргарлик кўрган... Аёлларимиз ўзларига бошқача оро бериб, кўзни қувонтиришади. Айниқса, дугоналар йиғилиб хина базми уюштирганлари ўзи бир олам завқ улашади. Бунинг учун кўп эса нарса керакмас. Хоҳиш бўлса, кифоя. Биз эса хина хусусидаги мулоҳазаларимизни сиз билан ўртоқлашишни истадик.

Хина нафақат аёлларнинг оро воситаси, балки ажойиб даволаш маҳсулоти ҳамдир. Ҳиндистонлик ва умуман Шарқ аёлларининг у билан фақат сочларини эмас, балки оёқ ва қўл кафтларини ҳам бўяшлари бежиз эмас. Ушбу ўсимлик азалдан ҳалқ табобатида қўлланиб келинади. Қадимда хина яраларга қўйилган, суяк, тери касалликларида, бош оғриғида, қон босимини тушириш учун, қон тўхтатиш учун қўлланилган. Хина – Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан соч ва терини бўяш учун тавсия қилинган воситадир. Шарқ мамлакатларида хинадан яраларни дизенфекциялашда, суяк касалликларини даволашда, стоматологик хасталикларда ва артритни бартараф этишда фойдаланилган. Аслида қўлларга хина қўйиш ҳам саломатлик важидан келиб чиққан санъатдир. Айниқса, терининг замбуруғли касалликларида (оёқдан нохуш ҳид келганида) хинадан турли нақшлар чизилган.

ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР БОР?

Хина тозаловчи, ҳимоя ва соғломлаштириш хусусиятларига эга. У юз ва тана терисига ёшартирувчи ва юмшатувчи таъсир кўрсатади. Хина соч тузилмаларини яхшилайди, уларни тўкилишини олдини олади, қазғоқни йўқотади, соч ўзагини мустаҳкамлайди (соч пиёзчасини озиқлантириш орқали), табиий жило беради, сочни шамоллатиб, унга қалинлик кўринишини беради ва турмаклашни осонлаштиради. Хина яллиғланиш ва дағаллашишни йўқотишга ёрдам беради, терини тозаланиши ва юмшашини таъминлайди, қичишиш, йирингли ярачаларни йўқотади, замбуруғ касалликларини даволашга ёрдам беради.

Бундан ташқари, хина жуда яхши антисептик воситадир! Яъни терини фаол ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади. Маҳсулот таркибида органик кислоталар, танинлар, полисахаридлар, смола ва ёғ моддалари, С ва К витаминлари, эфир мойи қолдиқлари мавжуд.

ХИНА БИЛАН ЧИЗИЛГАН НАҚШЛАР НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Қиз-аёлларнинг хайит байрами баҳона қўлларига хина билан турли нақшлар чизишлари аллақачон оммалашиб улгурган. Айни нақшларда ҳам рамзий маъно бор, дейишади мутахассислар. Чунончи, гуллар ва мевалар суратини ички дунёси бой, ҳаётидан мамнун ва баxтли инсонлар танлашади.

Қалампир кўринишидаги нақш асосан бўлажак келинларга баxт, тинчлик, тўкинлик, фарзанд тилаб чизилади.

Уруғ одатда қалампирнинг ёнида ёки асосий нақшнинг марказига чизилади ва баxт-саодатни англатади.

Пат — ҳаётга бўлган муҳаббат, қатъийлик, ўзига ишонганлар чиздирадиган суратдир.

Товус — ғурур, қуёш эса гўзаллик ва ўзгача қобилият рамзидир.

Мухтасар айтганда, хина ҳайит айёмининг аёллар учун ўзига хос анъанасидир. Унинг безакдан ташқари хусусиятлари сизга ҳам фойдадан холи эмаслигига ишонамиз.

Зилола РАҲМОНОВА.