Атрофга назар

Ҳеч бир муҳим тармоқ эътибордан четда қолмади


20.02.2024   961

Давлатимиз раҳбарининг ташаббускор ва изланувчан, меҳнаткаш ва пешқадам Андижон диёрига ташрифи андижонликлар ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олди. Бирорта муҳим тармоқ Президент эътиборидан четда қолмади. Энг қайноқ ва долзарб тизимларнинг ичига кириб, муаммо ва ечимини кутаётган масалаларга тўхталди. Ҳудудлар салоҳияти ва маҳаллий шароитларига мос лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни берди. Ўз навбатида юртдошларимизнинг ҳаёти, меҳнат шароитлари билан танишди, уларга кўтаринки руҳ ва аъло кайфият улашди. Мазкур обьектларда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган “аср лойиҳа”ларини кўздан кечирди. Хорижликлар ва маҳаллий халқ вакилларининг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, келгуси режаларини тинглади.

Давлатимиз раҳбари Асака, Андижон ва Хонобод каби ҳудудларда бўлиб, йирик бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари, текстил кластери фаолияти, хизмат кўрсатиш объектлари, таълим, спорт ва маънавият масканларида ҳам бўлиб, бу ердаги ишчи-хизматчилар ва ёшларга яратилган шароитлар билан танишиб, дилдан суҳбат олиб борди. Аввал хорижда ишлаб, мусофирчилик қийинчиликларини бошидан ўтказиб ватанига қайтган, ҳозирги кунда она юртида тикувчилик корхонасида меҳнат қилаётган оддий ишчи хотин-қизларнинг шукроналик билан айтган дил сўзларига қулоқ тутди.

Давлатимиз раҳбари кўп минг сонли Андижон аҳлига муносиб шароитлар яратиш мақсадида ишга туширилган янги технологияли марказий қозонхона фаолияти билан ҳам танишди. Келгусида камхарж технологияларни қўллаган ҳолда, корхонани қайта реконструкция қилиш, узоқ масофали иссиқлик тармоғини барпо этиш ва кўплаб кўпқаватли уйларнинг иситиш тизимларини янгилаш масалалари бўйича таклифлар, лойиҳаларни кўздан кечириб, маъқуллади.

Хонобод шаҳрида фаоллар билан ўтказилган йиғилишда кенг кўламли масалаларга тўхталди. Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, Андижон инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янгитдан модернизация қилиш, иқтисодиётнинг асоси бўлган саноатни ривожлантириш, мебелсозлик драйверини яратиш, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида хизмат кўрсатиш ва илғор технологияларни йўлга қўйишни тавсия этди. Ўсиб келаётган ёшларимизни таълимдан кейинги тақдири тўғрисида қайғуриб, турли йўналишлардаги фанлар, ва IT соҳасига ўқитиш, улар бандлигини таъминлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар, кластерларни ишга тушириш каби қатор йирик, самарали лойиҳаларни амалга ошириш борасида кўрсатмалар берди.

Президентимиз андижонликларни мўъжизаларни яратишга қодир, ақлли, изланувчан, ҳар қандай мураккаб ишларни ҳам уддасидан чиқа оладиган, бунёдкор эканлигига катта ишонч билдирди.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси.