ҲОКИМЛИК ВА ВАЗИРЛИКЛАРГА ЙИЛ ЯКУНИГА ҚАДАР ОРТИҚЧА ХАРАЖАТЛАР ҚИЛИШ ТАҚИҚЛАНДИ
04.04.2022 476
Президент ҳокимликлар ва вазирликларга автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилишдан ўзини тийишни буюрди.
Йиғилишда қайд этилишича, бунинг учун ҳудуд ва тармоқ харажатларини 10 триллион сўмга қисқартириш талаб этилади. Президент йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:
- молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
- бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаган.
Бош прокуратурага бюджет ташкилотларида ушбу харажатларнинг олдини олиш устидан тизимли назорат ўрнатиш ва вилоят кесимида ҳар ҳафта президентга ахборот бериш топширилди.
«Бу – маблағлар олиб қўйилади, дегани эмас. Барча иқтисод қилинган маблағлар ушбу ҳудуд ва тармоқнинг ривожлантириш дастурига йўналтирилади», деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берилди.
Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бугунданоқ аниқ ҳисоб-китоб қилиб, уч кун муддатда ўз режаларини ишлаб чиқиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Солиқ ва Божхона қўмиталарига тушумларни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
