Андижонда

ҲОСИЛГА БАРАКА, ҲОЖИ ОНА...


30.03.2023   137

Лочиной она Аҳмедова 35 йил педагог бўлибф аолият юритди. Нафақага чиққач ҳам ўқувчиларга таълим берди. Шунинг баробарида томорқасига меҳр бериб, рўзғорга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб юрди. Ернинг меҳри бошқача, баракаси кўзни, дилни қувнатадиган бўлди чоғи, бутунлай ер билан тиллашишга ўтиб кетди. Дастлаб ўз томорқаси парвариши билан банд бўлди. Кейинроқ ер майдонини каттароқ қилишни, етиштирган маҳсулотларидан атрофидагилар, маҳалладошлари, харидорлар ҳам баҳраманд бўлишини истади. Яхшиликни барчага улашиб яшашга ўрганган аёл 20 сотихли иссиқхона қурилишига бош бўлди. Ўз даромадлари ҳисобига бунёд этилган иссиқхонада бошланишига помидор экиб, ҳосил олди. Мана икки йилдирки, бу ерда қулупнай парваришлайди.

-Ўтган йили август ойида қулупнай экишни бошлаганмиз, - дейди Л.Аҳмедова. – “Наманган” навини ўзим яхши кўраман. Жуда мазали, диркиллаб туради, эзилиб кетмайди. Ўзингга ёққанларни бошқаларга ҳам илиниш эзгулик эканлиги айтилади ҳадисларда. Шунинг учун ҳам шу навдан етиштирамиз. Аслида бу меҳнатни даромад учун қилмайман. Ерга меҳр беришни яхши кўраман, етиштираётган маҳсулотларим атрофимдагиларга наф келтираётганини кўриб қувонаман.

Дарҳақиқат, миришкор онахоннинг иссиқхонадаги 18 мингдан зиёд қулупнай тупларига, ҳосилларига қараб завқ олаётганига, уларни муҳаббат билан парваришлаётганига гувоҳ бўлиб ана шутафтни ҳис қилгандай бўлдик. Ўтган йилдаги даромади ҳам чакки бўлмади: 15 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига муборак Ҳаж зиёратига бориб келди, 3 нафар фарзандию 10 набиранинг ширин ташвишларига сарфланди, бундан ташқари эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди...

Иссиқхонада маҳалладаги 8 нафар аёлларнинг мавсумий бандлиги таъминланган. Улар Лочиной ҳожи онага ҳамроҳ, ҳамфикр. Билмаганларини эринмай ўрганишади, ер тилини тушунишда сабоқ олади.

Қулупнай ҳосилга кирди. Яшил туплар орасидан бўйлаб, қизил тусга кириб-кирмаган қулупнай ҳосиллари ҳадемай дастурхонларни, бозор расталарини безашга шай бўлаётир. Хосилингизга барака берсин, ҳожи она!

Зилола РАҲМОНОВА