Андижонда

ҲУДУД АҲОЛИСИ КЎРСАТИЛАЁТГАН ТИББИЙ ХИЗМАТЛАРДАН МАМНУН


16.03.2022   640

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан янги кўринишда бунёд этилган 8- оилавий поликлиникаси ўзига бириктирилган ҳудуд аҳолисига беминнат хизмат кўрсатмоқда.


11 та маҳалла фуқаролар йиғини қамровидаги 56 минг 617 нафар аҳолига хизмат кўрсатаётган замонавий кўринишдаги поликлиникада жами 202 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда. Эндокринолог, терапевт, окулист, невропатолог, лор, хирург, стоматолог каби мутахассислар беморларни керакли кўрикдан ўтказиб, зарур муолажалар қилмоқдалар, - дейди бош шифокор Маъруфжон Бувабеков.

– Энг асосийси, поликлиника назоратидаги беморлар бу ерда тиббий кўрикдан ўтиб, шифокорлар тавсияси билан зарур бўлган ҳолларда худди шу ернинг ўзида ётиб даволанишга имкониятлар яратилди. Улар учун умумий 20 ўрин ажратилган бўлиб, биринчи қаватда ногирон ва кекса ёшлиларга алоҳида тўртта жой мавжуд. Қолган 16 таси иккинчи қаватда жойлашган бўлиб, беморлар учун шарт-шароитлар тўлиқ яратилган.

Поликлиникада шу кунгача 229 бемор тиббий муолажалар олиб даволанди. Энг муҳими, текширувлар, қўйиладиган ташхислар, таҳлил учун лабораториянинг барчаси бир жойда эканлиги, Узи, ЭКГ каби замонавий текширувлар ҳам бино ичида жойлашганлиги одамларга янада қулайлик яратди.

- Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласиданман, - дейди онахон Муқаддасхон Маматқулова. – Қон босимим кўтарилиб, муолажалар оляпман. Доим ҳали у шифохона, ҳали бу шифохонага бориб, сарсон бўлардик. Мана энди ўзимизнинг оилавий поликлиникимизда барча текширувлардан ўтиб, шу ернинг ўзида даволаняпман. Ширинсўз шифокорлару, чаққон ҳамшираларга раҳмат!

Муассаса очилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, ҳудуд аҳолиси кўрсатилаётган хизматлардан миннатдор. Тиббиёт ходимлари ҳам замонавий ва қулай шароитларда, ўз ишларидан мамнун ҳолда фаолият олиб бормоқдалар.

М. Сиддиқова.