Андижонда

ҲУДУД ИНФРАТУЗИЛМАСИ ЯХШИЛАНСАГИНА ТУРИСТЛАР САЛМОҒИ ОРТАДИ,


20.09.2022   243

деди вилоят ҳокими Хўжаобод туманидаги Тошота маҳалласи фаолиятини танқидий таҳлил қилар экан.

Хўжаобод тумани вилоятимизнинг туризм имконияти кенг ҳудудларидан бири. Бу ерда гастрономик, эко сайёҳлик борасида катта-катта лойиҳаларни амалга оширса бўлади.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов туманнинг Тошота маҳалласидаги меҳмон уйлари ва аҳоли хонадонлари вакиллари билан мулоқот чоғида мана шу жиҳатларга алоҳида тўхталди.

Туман мутасаддилари, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчисининг ўтган давр мобайнидаги фаолияти таҳлили, ваколатдаги вазифаларнинг бугунги кундаги ижроси ҳамда режалар ҳақида гапирилди.

Одамлар билан юзма-юз суҳбат чоғида ички ва ташқи йўлларни таъмирлаш ва кенгайтириш, йўл четларига бетон ариқлар ўрнатиш, пиёдалар йўлакларини ташкил этиш, суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, ичимлик суви тармоғини марказлаштириш, мактаб филиали биносини капитал таъмирлаб, фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалар кўтарилди.

Хўш, шунча муаммонинг йиғилиб қолганига сабаб нима? Вилоят раҳбари маҳалла бўғини ишни намунали йўлга қўймаганлигини, қуйи бўғин фаоллари аҳоли дарду ташвишидан суст хабардорлигини таъкидланди.

Аҳоли билан мулоқот чоғида туризмни ривожлантириш бўйича жўяли таклифлар келиб тушди. Бу ишларни ким амалга оширади? Албатта, мана шу жойнинг нон-тузини тотган ташаббускор ва ишбилармон инсонлар. Бунинг учун таклиф ва хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Олдинга катта мақсадни қўйиб, унга сари дадил қадам ташлаш, тинимсиз изланиш зарур. Шу билан бирга меҳнатдан, вақтинчалик мағлубиятлардан қочмаслик керак.

Президентимиз раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ҳар бир вилоятнинг бу йўналишдаги фаолияти кескин танқид қилинди. Бундан тўғри хулоса чиқаришимиз зарур.

Андижон меҳмондўст юрт. Табиати сахий ва одамлари танти. Демак, туризм ривожи учун излансак, имкониятларимиз етарли.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.