Ҳудуд ва чегара танламайдиган иллат
25.12.2025 141
Янги Ўзбекистонни коррупциядан холи, соғлом ва шаффоф жамиятга айлантириш давлат сиёсатининг бош мақсадидир. Кейинги тўққиз йилда коррупцияга қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилиб, тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунёда коррупция ва порахўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу маълумот коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг ҳисоботларида таъкидланган.
Миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида давлатимиз томонидан ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Энг муҳими, халқимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб бориб, таъсирчан жамоатчилик назоратини босқичма-босқич ўрнатмоқда.
Таъкидлаш жоиз, коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади. Инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Оқибатда ҳаёт сифати ёмонлашиб, одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисаларнинг илдиз отиши учун шароит юзага келади.
Коррупция ҳозирги кунда трансмиллий ҳолат ҳисоблангани боис, бутун дунё ҳамжамиятига хавф туғдирмоқда. Бу иллатга қарши курашиш масаласи барча давлатларда энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Вилоятимизда ҳам коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари, балки кенг жамоатчилик назорати билангина кескин ва самарали курашиш мумкин. Чунки коррупция айни бир соҳа ва бир йўналишни танламайди.
Бу иллатга қарши курашда жамоатчилик иштироки жуда зарур. Чунки жамоатчилик назорати кўп ҳолларда ижобий натижа бериб, бу жиноятни камайтиришга эришишда муҳим омил бўлади.
Мазкур йўналишда бошқармамиздаги барча ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида бир қатор зарур чоралар кўрилди. Бу ҳақда тўхталаётганимизнинг сабаби шуки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси қонунларни, хусусан, коррупция билан боғлиқ қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини яхши билиши керак.
Қонунни билмаслик, унинг мазмун-моҳиятидан бехабарлик, табиийки, коррупция жиноятини содир этган шахснинг жазодан қутулиб қолишига имкон бермайди. Чунки пора олган ҳам, берган ҳам, пора олиш-беришда воситачилик қилган ҳам муқаррар жиноий жавобгарликка тортилади. Қонун талаби шундай.
Маълумки, давлат органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида иш олиб боради. Ўз-ўзидан, уларга жисмоний ёки юридик шахсларнинг иши тушади. Бундай чоғда “енг ичида” иш битириш мақсадига қаратилган илтимос ва таклифлар бўлмаслиги мумкин эмас.
Айни иллатларга қарши курашишда эса жамоамизда соғлом муҳит яратилган. Бу борада мунтазам равишда бошқармамизда вилоят, шаҳар ва туманлардаги ходимларимиз иштирокида тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Йиғилишларда коррупцияга қарши курашиш, ушбу иллатга барҳам бериш, олдини олиш борасида тарғибот акциялари, давра суҳбатлари, ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Давронбой МАҚСУДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш
инспекцияси Андижон вилоят
бошқармаси бошлиғи.
