Андижонда

“Ҳудудгаз Андижон” ГТФ директорининг жисмоний ва юридик шахслар учун қабули ўтказилди


25.06.2026   29

Фуқаролар мурожаатларини жойида ҳал этиш, аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан тўғри мулоқотни кенгайтириш, муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш давлат идоралари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўз навбатида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тизимида ҳам истеъмолчилар билан мулоқот тизими самарали йўлга қўйилган бўлиб, ташкил этилаётган қабуллар халқ ичига кириб бориш, унинг ташвиш ва муаммоларини чуқур ўрганган ҳолда тегишли чора кўришнинг натижадор воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали биносида Филиал директори Давронбек Аҳмедов томонидан фуқаролар учун қабул ўтказилди. Унда 14 нафар жисмоний ва юридик шахслар ўз муаммолари ва мурожаатлари билан иштирок этдилар.

“... Филиал директори қабулига Андижон шаҳридан 8 нафар, Андижон туманидан 3 нафар, Асака, Избоскан туманлари ва Хонобод шаҳридан 1 нафардан фуқароларимиз ташриф буюришди, - дейди Филиал ижро назорати бўлими мутахассиси Баҳодиржон Тўхтасинов. – Шунингдек, мурожаатларнинг 7 таси қайта ҳисоб-китоб масаласи, 3 та суюлтирилган газ таъминоти, 2 та ишга жойлашиш, 1 та табиий газ таъминоти ва 1 та газ ҳисоблагич билан боғлиқ мурожаатларни ташкил этди..”

Қабул давомида истеъмолчиларнинг газ таъминотига оид мурожаат, таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса, бошқалари бўйича тушунтириш берилди. Айрим мурожаатлар бўйича жойига чиқиб ўрганган ҳолда масалани ечиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.


“...Бугун вилоят газ таъминотининг бош раҳбари қабул қилганидан жудаям мамнун бўлдим, - дейди Андижон шаҳри “Бунёдкор” МФЙ 59-уй 54-хонадонда яшовчи фуқаро Алимуҳаметова Алфира. – Қайта ҳисоб-китоб масаласида мурожаатим бор эди. Раҳбар мени эшитди, сўнг ходимларига топшириқ берди. Шу бугунни ўзида мурожаатимни ижобий ҳал этилганидан хурсандман..”


Шу билан бирга йиғилганларга газ таъминотига оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, тежамкорлик ва энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича зарурий тавсиялар берилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати