Ҳуқуқини билган мажбуриятини ҳам англаши керак
11.06.2026 13
Солиқлар давлат бюджетини шакллантиришнинг асосий манбаси ҳисобланади. У таълим, тиббиёт каби қатор соҳаларни молиялаштиришга, пенсия ва стипендиялар ўз вақтида тўланишига асос бўлувчи, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этувчи муҳим пойдевордир.
Фермерлик фаолияти билан шуғулланиб келувчи Нодира Файзуллаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) раҳбарлигидаги хўжаликнинг давлат бюджетига тўланмаган солиқ ва мажбурий тўловлардан жами қарзи салкам 16 миллион сўмга етгач, солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан чиқарилган қарорлари мажбурий ижро бюроси туман бўлимига ижро этиш юборилади. Бироқ давлат ижрочисининг тегишли қарорлари билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддаси 3-қисмига асосан, ижро ҳужжатлари қарздорнинг тўлаш қобилиятининг мавжуд эмаслиги сабабли қайтарилиб, иш юритишдан тамомланади.
Шундан сўнг солиқ инспекцияси судга мурожаат қилиб, фермер хўжалигининг зикр этилган миқдордаги солиқ қарзини унинг таъсисчиси ва раҳбари Нодира Файзуллаеванинг шахсий мол-мулклари ҳисобидан ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.
Янги таҳрирдаги “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддаси 2-қисмига кўра, хўжалик бошлиғи фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади. Фуқаролик Кодексининг 329-моддаси 1 ва 2-қисмларига асосан, қонунчилик ёки мажбурият шартларига мувофиқ асосий қарздор бўлган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча равишда жавобгар бўлган (субсидиар жавобгарлик) шахсга талаблар қўйишдан олдин кредитор асосий қарздорга талаб қўйиши керак. Агар асосий қарздор кредиторнинг талабини қондиришдан бош тортса ёки кредитор ундан қўйилган талабга оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бу талаб субсидиар жавобгар бўлган шахсга қўйилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда ҳам жавобгар томонидан даъвогарнинг даъво аризасига нисбатан даъвони рад этувчи тегишли ҳужжатлар ва ёзма далиллар судга тақдим қилинмаган. Шу билан бирга, солиқ инспекциясининг қарори ҳам бекор қилинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, суд туман солиқ инспекциясининг даъво аризасини қаноатлантиришни, 15 миллион 945 минг 761 сўм миқдоридаги солиқ ва мажбурий тўловлардан бўлган қарздорликни фермернинг шахсий мол-мулклари ҳисобидан ундиришни лозим топди.
Хулоса шуки, солиқ интизомига қатъий риоя қилиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча жисмоний ва юридик шахслар учун муҳим тамойиллардан бирига айланиши шарт. Зотан, ҳар бир солиқ тўловчи ўз ҳуқуқлари билан бирга, бу борадаги мажбуриятларини ҳам яхши англаши даркор.
Жасуриддин Абдусаттаров,
фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг раиси
