Андижонда

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ ЧИҚДИ


15.01.2022   436

Андижон вилоят судига таяниб “Дарё” жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа суди томонидан ўндан ортиқ фуқарога сохта хорижга чиқиш паспорти тайёрлаб берган собиқ ички ишлар ходимига суд ҳукми ўқилганлигини маълум қилди.

Судланувчи А.Х. Жиноят кодексининг 205-моддасининг (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва 209-моддасининг (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди билан айбли, деб топилди. Унга нисбатан уч йил муддатга ички ишлар идоралари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда узил-кесил ўташ учун 10 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аниқланишича, Хўжаобод туманида яшовчи А.Х. 2017 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг февралига қадар Хонобод шаҳар ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи инспектори ҳамда Қўрғонтепа туман ИИБ ҳузуридаги 13-, 15-сон ички ишлар бўлинмалари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи инспектори лавозимида ишлаган.

У мансаб ваколатларидан фойдаланиб, хорижий давлатларнинг миллий қонунчилигида белгиланган қоидаларни бузгани учун ушбу давлатлардан чиқариб юборилган (депорт қилинган) ва муайян муддатга кириши тақиқланган Ўзбекистон фуқароларига бошқа шахсларга тегишли биометрик паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда сохта хорижга чиқиш паспортларини тайёрлаб берганлиги айтилмоқда.