Андижонда

Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар: ФЕРМЕРЛАР МАНФААТИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ


11.08.2022   597

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4633-сон «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, пахта хомашёсининг минимал нархларини эълон қилиб бориш вазифаси юклатилган.

Шунга мувофиқ, жаҳон бозорида шаклланган нархлар, масъул этиб белгиланган вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 5 август куни Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархлари маълум қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, эндиликда ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 10 025 минг сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 15 минг 120 минг сўмни ташкил этади.

Тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хомашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди.

Бу йил вилоятимизда 79 минг гектар майдонда пахта хом ашёси етиштирилмоқда. Ишнинг кўзини билган фермерларимиз эрта баҳордан буён ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ўтказишиб, мўл ҳосил яратишга астойдил ҳаракат қилишяпти. Эрта кўкламдаги табиат инжиқлари, ёз саратоннинг синовлари...- заҳматли меҳнат, билим ва омилкорлик билан иш юритилиши туфайли барчаси аста-секин ортда қолди. “Асад - ғўзангни ясат” деганларидай бугун дала меҳнаткашларимиз ҳар қачонгидан ҳам астойдил тер тўкишиб, кўзланган ният сари ҳамжиҳат интилишяпти.

Ҳозирда вилоятимизда пахта етиштиришда 2 минг 348 та фермер хўжалиги ҳамда 19 та пахта-тўқимачилик кластер корхоналари фаолият юритмоқда.

Бу йил улар жами 315 минг 464 тонна “Оқ олтин” етиштиришни ният қилиб туришибди. Бошқача айтганда, пахта-тўқимачилик кластер корхоналари томонидан 96 минг 99 тонна ёхуд ҳар гектар майдондан ўртача 49,3 центнердан, фермер хўжаликлари томонидан 219 минг 865 тонна, ёхуд ҳар гектардан ўрта ҳисобда 37,4 центнердан ҳосил олиш кўзда тутилмоқда.

Пахта хомашёси минимал нархларининг ошиши мазкур тармоқда иш олиб бораётган кластерлар, фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигини сезиларли даражада ошириш имкони бериши шубҳасиз. Шу боис улар мазкур ўзгаришни зўр мамнуният билан қарши олишди, таъбир жоиз бўлса ғайратларига ғайрат қўшилди. Негаки ҳар бир фермер-деҳқон ёхуд кластер меҳнатига яраша рағбатланса меҳнат унумдорлиги ва самарадорлиги янада ортади.

Ўтган йили пахта хом ашёсининг харид нархи ўртача 6 минг 512 сўмни ташкил этганлигини эътиборга олсак, жорий янги нархнинг амалга татбиқ қилиниши пахтакорларимиз манфаатдорлигини сезиларли даражада оширибгина қолмай, уларни янада юксак марралар сари чорлаши шубҳасиз.

Фарҳоджон Набижонов,

Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.