Андижонда

ҚИШЛОҚДА ЯНГИ ОИЛАВИЙ ШИФОКОРЛИК ПУНКТИ ИШ БОШЛАДИ


02.07.2021   921

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйи олдидан Шаҳрихон туманидаги Абдубий қишлоғида янги ташкил этилган “Олтин водий” оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.

Тиббиёт ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур тиббиёт муассасаси очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда кейинги йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савияси тобора юксалиб бораётганлигини таъкидлади.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Шаҳрихонда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Холмуҳаммад Тоштемиров. - Мазкур ҳужжат ижроси доирасида туманда бешта оилавий шифокорлик пункти ташкил этилиши режалаштирилган. “Олтин водий” уларнинг биринчисидир.

Эндиликда Абдубий қишлоғи ўрамидаги маҳаллаларида яшовчи 10 минг нафардан зиёд аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ортади. Бу ерда турли хасталикларини эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида қатор қулайлик яратилди.

Янги иш бошлаган оилавий шифокорлик пункти зарур тиббий асбоб-анжомлар, жиҳозлар билан таъминланган. Қолаверса, шифокорларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган.