Атрофга назар

Китоб нима учун ўқилади?


23.11.2023   668

Устоз адиб, сўз меъмори Асқад Мухторнинг бу борада шундай фикри бор эди: “Китоб ўқиш мен учун меҳнат”.

Аслини олганда ҳам ҳақиқат бу. Мутолаа қалб меҳнати. Қалбдан ўқилганда мазмун-моҳиятни англаш учун тер тўкилмайдими аслида?..

Атрофга назар ташлайлик. Кимдир шунчаки вақт ўтказиш учун ўқияпти, яна биров нимадир ўрганиш ниятида, бошқаси эса илм қилиш мақсадида ўқийди.

Шу ўринда мутолаадаги ҳиссиёт ўзгача. Баъзи китобларни ўқиб, куламиз. Атрофимизда ҳеч ким йўқ, ёлғиз ўқияпмиз – беихтиёр кулиб юборамиз. Ёхуд кўзимиздан жимиллаб ёш оқаверади.

Нега шундай?

Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини илк бор ўқиганимда Кумушнинг ўлим саҳнасини ўқиб роса йиғлаганим эсимда. Ҳозир ўқисам ҳам, кўнглим бузилади, аччиқ тақдирнинг таъмини тотгандай ҳис қиламан ўзимни.

Ёки Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”ида Бобур билан Бобур бўлиб яшаганман, ишқини, айрилиғини, фироқни бирга “ўтказганман”.

Рашод Нури Гунтегиннинг “Чолиқуши”сини “ўзим” бўлиб ўқиганим ёдимда...

Қайси асарни мутолаа қилмай, табассумли саҳналарида беихтиёр кулиб юбораман, дилни ўртаган қисмларида кўзларим ёшини ютолмайман...

Менимча, асл китобхонлик асар моҳиятини англаш билан бирга, унинг қаҳрамонлари тимсолида яшашдир.

Шу ўринда айтмоқчи бўлганим кейинги йилларда мутолаа завқининг етарлича ҳис қилинмаётгани!

Яна бир андиша эса - китобхонлик ниманингдир илинжида бўлмаслиги кераклиги!

Бу фикримни баралла айта олишим сабаби бор, албатта. Бугун халқни, ёшларни китобга қайтариш мақсадида ўтказилаётган китобхонлик танловларининг ўзига хос аҳамияти бўлаётгани бор гап. Аммо доим ҳам эмас! Чунки, тан оламизми-йўқми, айримлар фақат танловда ғолиб бўлиш истаги билангина мутолаа қилаётганлариданам кўз юмиб бўлмаяпти. Агар асосий мақсад танловда ғолиб чиқиш ва қимматбаҳо совға олиш бўлса, у ҳақиқий китобхон бўлмайди.

Китоб ўқиш кўнгил эҳтиёжига айланиши керак. Яшаш учун овқат ейиш қанчалар зарур бўлса, китобхонлик, мутолаа ҳам шу даражадаги заруриятга айланиши шарт. Мана шу аслида йўналишдаги танловларнинг асосий мақсади!

Ёдимда, мактабда, олийгоҳда ўқиб юрган кезларимиз ўқитувчиларимиз “китобни ёдлаб олманглар”, дерди. Чунки айрим синфдошларимиз, гуруҳдошларимиз берилган топшириқларни ёдлаб олиб айтиб берардилар. Устозлар эса бундан қайтарарди. Аввало инсон ўқиётган нарсасининг маъносини тушуниши, теран англаши, мазмунини чақиши керак, дерди ўқитувчилар. Кўп педагогларимиз ўқиган китобининг маъно-мазмунини ўзи тушунганча айтиб берадиган ўқувчиларга юқори баҳо қўярдилар. Шу билан улар ёшларни чинакам мутолаа завқига ўргатган эканлар.

Мухтасар айтганда, китобни нима учун ўқиётганингизни, аввало, тушунинг, ҳис қилинг, моҳиятини англанг. Шундагина асар кўнгилга кириб боради.

Зилола РАҲМОНОВА