Андижонда

“КИТОБХОНЛИК ҲАФТАЛИГИ” ДОИРАСИДАГИ ТАДБИРЛАР БЕЛГИЛАНДИ


18.04.2022   548

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан жорий йилнинг 18-23 апрель кунлари Андижонда “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан Бобур номидаги ахборот-кутубхона марказида мутолаа ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанани марказ директори Г.Исмоилова кириш сўзи билан очиб, китобсевар андижонликларни ушбу маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишга чорлади. Шунингдек, аҳоли, хусусан, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаа завқини ошириш, янги китоблар тақдимотига бефарқ бўлмаслик, кутубхона ўқувчилари сафини кенгайтириш масалаларида сўз олган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи З.Таджибаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Х. Қўчқаровалар йиғилганларни ҳафталик мазмун-моҳияти ҳамда белгиланган тадбирлар йўл хариталари билан яқиндан таништирдилар.

- Китоб – маънавият ва маърифат булоғидир, - дейди Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси М.Артиқова. – Бугундан бошланган ҳафталикнинг теран моҳияти мутолаа шавқи, китобхонлик маданияти билан уйғунликда акс этиши керак. Қатор ҳамкор мутасадди ташкилотлар масъуллигида ўтказиладиган тақдимотлар, ярмаркалар, бадиий-ижодий кечалар вилоятдаги адабий муҳитнинг янада тараққий топишига, янги ижод вакиллари юзага чиқишига хизмат қилади.

Шу куннинг ўзида ахборот-кутубхона марказида ўзбек шеърияти маликаси, Андижон фарзанди Нодирабегим таваллудининг 230 йиллигига бағишланган мушоира кечаси бўлиб ўтди. Андижон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда олийгоҳ ўқитувчилари О.Қўчқаров ҳамда Д.Ходжаеваларнинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди. Талабалар томонидан шоира ижодига мансуб ғазаллар ижроси бир-бирига уланиб кетди.

Зилола РАҲМОНОВА.