Атрофга назар

“ҚОЧ, НЕГАТИВЧИ КЕЛЯПТИ!” – ЗАМОНАМИЗНИНГ ЯНГИ ТАНҚИДЧИЛАРИ ҲАҚИДА ШИНГИЛ ФИКР


09.06.2022   1397

Машҳур фильмлардан биридаги “От изи ит изига аралашиб кетди”, деган қанотли ибора қулоғингизга чалинган бўлса керак. Бугун интернет оламида янги-янги, ажойиб касб эгалари пайдо бўлмоқдаки, уларнинг сўз эркинлигини байроқ қилиб, турли масалаларда билдираётган фикрларини ўқий туриб беихтиёр юқоридаги машҳур ибора ёдингизга тушади.

Адабиётшуносликда адабий танқид, журналистикада таҳлилий-танқидий мақолаларнинг аҳамияти беқиёс эканлиги барчамизга маълум. Нега? Чунки айни жанрларда профессионал маҳорат ила битилган ижодий ишлар фақат ва фақат адабиёт ривожига, халқ манфаатига, жамиятдаги иллатларни, кирдикорларни фош этишга хизмат қилади-да. Яъниким бундай мақолалар орқали бирор-кимни обрўсизлантириш эмас, аксинча тараққиёт тушов бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш мақсад қилинади.

Аммо ҳозирда бу йўналишнинг янги бир тури кашф қилинди - бунинг номи «хейтерчи»лар, «негативчи»лардир.

Facebook ижтимоий тармоғидаги ақлли постлар, улар тагига қолдирилган “комментарий”лар, You Tube, Tik Tok, Instagram, Twitter, умуман олганда, ҳар қандай тармоқдаги материаллар остига қўйилган салбий бўёқдорлиги ошиб кетган ёзишмаларини ўқиб илонлар пост ташлайди.

Энг қизиғи, қўштирноқ остида “негатив” изоҳ қолдираётганларнинг аксарияти жамиятнинг энг фаол аъзолари, илмпарвар, ҳақиқатпарвар, халқ орасидаги одамлар бўлиб, оми ёки тўпори инсонларга ҳеч-да ўхшамайди. Аммо қўйилаётган постларини ўқисангиз – дунёнинг жами жаргонлари, фаҳш сўзлари, сўкинишлар ишлатилганини кўриб, булар қайси кўчадан келган, деб ўйлашингиз аниқ. Имловий хатоларнику гапирмасаям бўлади. Энг қизиғи, ана шу изоҳларни ёқлаб, “яшанг, опа”, “яшанг, ака” деб тарафкашлик қилиб турувчи ёлланма аккаунт эгалари – «троллар» ҳам бисёр.

Бундан ташқари, ким қандай яшаётгани, қаерга бориб кимлар билан учрашаётгани, тановул қилаётган таоми-ю кийган кийимигача эълон қилиб, саҳифасига жойлаб бориш «тренд»да.

Машҳурларнику тушунсангиз бўлар, реклама деган нарса бор - пиар қилиниши, янада танилиши лозим. Аммо оддий одамларнинг ҳам бутун ҳаётини оммага кўз-кўз қилишини ҳазм қила олмайман.

Яқинда бир танишим facebook ижтимоий тармоғидаги донғи кетган жанжални гапириб қолди. Топиб ўқидим. Оҳҳо, ана энди, жамиятнинг икки фаол вакили, тадбиру байрамларда ёнма-ён турган, икки сирдош дугонанинг бор сиру асрорлари, кирдикорлари ўртага тўкилиб, оммага шармандали ҳолатда кўринишлари, уларнинг орқасидан ҳайбаракаллачиларнинг “босинг, ҳа” деб сув пуркашларини кўриб, наҳотки буларга “ҳой, сал ўзингни йиғиштириб ол”, деб ақл бўладиган, сўзини ўтказа оладиган одам топилмаса, деб қолдим.

Хуллас, бу узундан-узун постимни албатта “негативчилар” ҳам ўқиши аниқ. Уларга айтар сўзим шу: шунчаки гапирган гапингиз сизнинг кимлигингизни, маданияту маънавиятингизни ошкор қилиб қўяди. Қанчалик машҳур, эл ардоғидаги, ёш авлодга ўрнак бўлгувчи соҳаларда фаолият юритар экансиз, шахсий саҳифангиздаги ҳар бир изоҳингизга эҳтиёт бўлинг. Ўзингизни, ўзлигингизни фош қилиб қўйманг.

Моҳигул СИДДИҚОВА.