Атрофга назар

КОНСТИТУЦИЯ МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ЭРИШГАН БАРЧА ЮТУҚЛАРИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ БЎЛИБ КЕЛМОҚДА


25.06.2022   246

Бош Қомусимиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Бироқ бугун шиддатли тараққиётнинг ўзи олдимизга қўяётган ҳар бир талабни чуқур тушуниб олишимиз зарур. Ҳозирги таҳликали замон, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият она Ватанимиз тақдирига янада улкан масъулият билан ёндашишимизни, кечиктириб бўлмайдиган стратегик қарорлар қабул қилишимизни тақозо этаётир.

Конституцияга киритилаётган барча ўзгартириш ва қўшимчалар жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри нечоғли юксак эканлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муҳими, конституциявий ислоҳотларни оддий аҳоли, халқимиз фаровонлигини таъминлашга, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиёти учун манфаатли ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттиришга йўналтириш зарурлигини айни вақтда даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Масалан, конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритиш таклиф қилинди. Фахрий журналист сифатида бу таклифни фаолиятимиз доирасида ҳам чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Очиғини айтиш керак, авваллари журналистика хабар берувчиликдан, масъулга қарамликдан иборат бўлиб қолганди. Бироқ сўнгги беш йилда тизим мутлақо ўзгарди. Соҳамизда дадил қалам юритиш, сўзда ўткирлик пайдо бўлди. Бугунги кунда давлат идоралари вакиллари бевосита жойларга чиқиб, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда. Уларнинг ўз фаолияти бўйича халқ олдида ҳисобот бериш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ишлари янада ортди. Уларни ҳаққоний ёритиш, ўз жойида ва вақтида оммага етказишда оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари ҳам кенгайди. Энди улар оддий хабар берувчи эмас, балки муаммонинг илдизини ҳам ўрганиб, ечимини ҳам кўрсатиб берувчига айланди. Аммо ОАВнинг бундай ваколатларини чекловга уринишлар ҳам йўқ эмаслигидан кўз юмолмаймиз. Конституцияга киритилаётган бундай ўзгартиришлар журналистнинг давлат органлари фаолиятидаги очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни тўла ва рост ёритишга имкон беради.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган. Демакки, барчамиз конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишимиз зарур. Бу жараёндаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратишга, бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Назиржон САИДОВ,

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.