Андижонда

Қонунчиликдаги ислохотлар: ХАЛҚҚА ХИЗМАТ МАСЪУЛИЯТИ ЯНАДА ОШИРИЛДИ


17.11.2022   198

Халқимиз ҳаётида, иш фаолиятимизда янгиланиш, туб ўзгаришлар изчил давом этмоқда. Қонунийлик, адолатлилик, шаффофлик рўёбга чиқяпти.

Президентимиз давлат хизматини ислох қилишнинг ташаббускори бўлди. Жорий йилнинг 8 августидадавлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва фаолиятини ягона қоидалар асосида ҳуқуқий тартибга солувчи «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Ушбу Қонун аҳолининг ҳаётини енгиллаштирадиган, кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган дастуриламал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Бу қонуннинг мазмун-моҳиятига сингдирилгани билан диққатга сазовор. Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи умумий қоидалар қаторида давлат органларининг асосий вазифалари, ваколатлари ифодаланди. Давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, ижтимоий ҳимоясининг кафолатлари такомиллашди. Шу хизмат тизимида коррупциянинг олдини олиш чоралари белгиланди. Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-аҳлоқ қоидаларига доимо риоя этишлари, ишчанлик обрўси ва хизматнинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан иш фаолиятида, хизматдан ташқарида ҳам тийилишлар назарда тутилди.

Давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатиш асослари изоҳланди. Ушбу хизматнинг асосий принциплари ҳам кўрсатилди.

Давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади. Давлат фуқаролик хизмати – профессионал давлат хизмати дегани.

Давлат фуқаролик хизмати тизими – давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган тарзда танлаб олиш, жой-жойига қўйиш, меҳнатига ҳақ тўлаш, касбий компетенциясини ошириш, лавозими бўйича кўтаришнинг ягона ташкилий-ҳуқуқий мажмуидир.

Қонунга мувофиқ давлат фуқаролик хизматчиларигабелгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ташқари хизматни бажариш билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилди.

Қонун кимларга қандай татбиқ этилиши аниқ белгилаб қўйилган. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилиб, айнан ушбу реестрга киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига татбиқ қилинади.

Давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги, барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларининг жамият ҳамда фуқаролар олдидаги масъуллиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги асосий принциплардандир.

Шунингдек, очиқлик, шаффофлик, холислик, профессионаллик, компетентлик, давлат фуқаролик хизматигакиришда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий ҳимояланганлиги муҳим жиҳатлар сирасига киради.

Ушбу қонун билан Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи мақомига эга бўлди.

Халқ хизматида бўлган давлат фуқаролик хизмати аҳолининг ишонган ваколатли органи сифатида шаклланишига замин яратилди. Фуқароларнинг мурожаатларини қисқа вақтда ечим топиши халқимизни давлат органларига ишончини оширади. Халққа қонунийлик асосида сидқидилдан хизмат қилиш кун тартибида бўлади.

Жасурбек МАШРАПОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг

ўринбосари.